1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Омонатга хиёнат қилманг!

9-11-2022, 14:29 537 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган: “... Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин...!” (Бақара, 283).
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча ишларда ўрнак бўлганларидек, омонат бобида ҳам катта намуна ва ўрнакдирлар. Омонатни яхши сақлаб, ўз эгасига саломат топшириш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан бошлаб барчанинг эътиборини қозонганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. У зот кўплаб ҳадиси шарифларида омонатдорликка даъват этганлар.  
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг. Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган). 
Қуръони каримнинг бир неча ўринларида мўминларнинг гўзал хислатлари айтилганда, омонатдорлик ҳам мақталган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улар (мўминлар) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят).
Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида эгасига бермаслик касаллиги авж олмоқда. Олинган қарзни ўз вақтида беришга имконияти бўла туриб, бермасдан чўзиб юриш омонатга хиёнат ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Шу билан бирга, қарзини узишга етадиган моли бўла туриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.
Динимизда омонатдорликка тарғиб қилиниши баробарида, унга хиёнат қилишлик мўъминнинг хислатларидан эмаслиги таъкидланади. Омонатга хиёнат ‒ мунофиқларнинг хислати сифатида зикр қилинади.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимдаки тўртта нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимдаки улардан бир хислат бўлса, ўшани кетказмагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади ‒ омонат қилинса, хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон гапиради; аҳд қилса, бузади; хусуматлашиб қолса, фужур (ноҳақлик, ғирромлик) қилади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
Омонатдорлик борасидаги динимиз кўрсатмаларига амал қилинса, жамиятдаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ортади. Эл-юртнинг қут-баракаси ва файзи зиёда бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли ва чин эътиқодли киши масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммамиздаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилишимиз, лозим бўлади. 
Аллоҳ таоло барчамизни омонатдор шахслардан бўлишимизни насиб айласин.... 
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари