Ҳар бир мўмин - мусулмон банда огоҳ бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир. Кибр ва манманлик бир бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир. Кибр, такаббур сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Имом Ғаззолий кибрни: “У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш” деб таърифлаган.
Аллоҳ таоло кибр ҳақида айтади: “Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят- мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат - нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)” (Аъроф сураси, 146).
Яна Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобида кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир. Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васийла йўқдир. Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир. Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир. Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир”.
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булис” деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар” (Термизий ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди”, дедилар. (Термизий ривояти).
Кибрнинг турлари:
- - Аллоҳ таолога кибр қилиш. Бу энг ёмон кибрдир. Бу Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш. Бу Макка кофирлари қилганга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборатдир.
- - Бандаларга кибр қилиш. Бунда ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборатдир.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари