Диний эътиқод ҳам инсон маънавий камолотининг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Эътиқодларнинг турли шакллари мавжуд бўлиб, унинг ичида диний эътиқод ниҳоятда “нозик” ва энг устуворларидан бирини ташкил қилади. Унинг “нозиклиги” шундаки, инсоннинг бутун ички ботиний “ҳаётини” ўзида мужассамлаштиради ва диний эътиқод таъсирида ҳар бир инсонда ҳалоллик, гўзаллик, меҳр-муҳаббат, оила, Ватан, халқ, она замин каби тушунчалар муқаддас туйғулар даражасида инсоннинг онги ва қалбида муҳрланади. Бундан ташқари, диний эътиқод ҳар инсонга бу ёруғ оламда қиладиган ҳар бир яхшиликка амал қилиб яшашлиги, дунёнинг ўткинчилиги, у томондан содир этиладиган ҳар қандай ёмон ишлар учун жавоб беражаклигини ўргатади, бу билан инсон ўзида ҳар қандай ёмон ишлар ва хатти-ҳаракатлардан огоҳ бўлиб яшашга интилади.
Дунёда мавжуд бўлган биронта дин ёвузлик, зўравонлик, ўзга динларга қарши қаҳр ғазаб ғояларини илгари сурмайди, аксинча барча инсонларнинг барқарор ва фаровон ҳаёт кечириш, ўзга динларга эътиқод қилувчилар билан бағрикенгликда муносабатда бўлиш ғояларини илгари суради. Ана шу ғояларнинг динлараро муносабатда устувор бўлиб келаётганлиги боис ҳам инсоният динлараро низо, қарама-қаршиликлар ва охир оқибатда унинг заминида вужудга келиши мумкин бўлган турли фожеалардан холи яшаб келмоқда. Агар дунёдаги мавжуд бўлган барча мамлакатлардаги аҳолиларнинг турли динларга эътиқод қилишларини ҳисобга оладиган бўлсак, ана шу кучларнинг ҳатти-харакатларига бепарво бўлиш мамлакатларда қандай фожеаларга олиб келиши мумкинлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Шунинг учун ҳам динлараро бағрикенгликни ўрганиш ва уни инсонлар, айниқса ёшлар онгига сингдириш ҳар доим муҳим вазифалардан бири бўлиб келган ва у бундан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди. Унинг намоён бўлиш жараёнлари ҳақида тўхталишдан олдин “диний бағрикенглик” тушунчасининг маъно-моҳияти устида фикр юритишга харакат қиламиз. “Диний бағрикенглик” (толериантлик) – хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишларини англатади”
Бугун жаҳон миқёсида дин омилидан, унинг инсонлар онги, маънавиятининг ажралмас қисмига ўзлигини англашнинг юксаклигининг мезонига айланган шароитда диний эътиқодларга нисбатан тоқатсизлик руҳиятини шакллантиришга ҳаракат қилаётган қора кучлар ва оқимлар ўз фаолиятини авж олдираётган шароитда миллий онгда турли динларга бўлган эътиқодларга нисбатан бағрикенгликни шакллантириш ва уни мустаҳкамлаш бутун инсоният ҳамкорлигида яратилган тамаддунни сақлаб қолиш ҳамда уни кейинги авлодларга етказишнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.
Бағрикенглик тўрт тузилмадан иборат бўлиб, уларни шакллантириш бағрикенгликни тарбиялашнинг мазмунини ташкил этади.
Бағрикенг инсонни шакллантириш учун бағрикенг йўналишдаги ижтимоий кўникмаларни шакллантириш, ўзини бошқа одамлар билан тинч-тотув яшашга ўргатиш лозим.
Бағрикенглик йўналишдаги ижтимоий кўникмалар - бу одамлар билан тўғри муомалада бўлиш, уруш-жанжалли вазиятлардан чиқа олиш, одамлар билан тил топиша олиш, ижтимоий-психологик вазминлик, ижтимоий сезгирлик, эмпатияга мойиллик, бағрикенглик, бошқа одамларнинг яхши томонларини баҳолай олишдир.
Ёш авлод онгида бағрикенглик туйғуларини шакллантириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ҳар бир нарса ўзини такрорланмас, қадрли хусусиятларига эга эканлиги, шунинг учун бунга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак эканлигини тушунтириш.
- Дунёдаги барча нарсаларнинг (ер шаридаги материклар, давлатлар, уларда яшовчи халқлар, ҳайвонлар, ўсимликлар ва б.) турлича эканлигини тушунтириш.
- Миллатларни ирқи, дини, ҳаёт-тарзи ҳар хил эканлигини тушунтириш.
- Бошланғич синфдан бошлаб ўқувчиларга одамлар ҳар-хил бўлиши, улар билан яхши муомала қилиб яшаш керак эканлигини тушунтириш.
- Ўзининг ўз халқининг маданияти, ҳаёт тарзини бошқаларникидан устун деб ҳисобламасликка ўргатиш.
- Кишилардаги ўзгачаликка бағрикенглик ва сабр билан муносабатда бўлиш.
- Фуқароларни ўзаро тинч-тотувликда яшашга ўргатиш.
- Ёшларга маъсулиятни сезган ҳолда, жавобгарликни ҳис этиш йўналишида тарбия бериш.
- Ёш авлодда вазминликни кучайтириш, бағрикенглик, сабрлилик, чидамлилик каби хусусиятларни тарбиялаш.
- Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонунларни ўргатиш.
Бағрикенгликни тарбиялаш кўп маъноли, мураккаб тушунча сифатида ўқувчи кўп томонлама таъсир этишни, уларда одамни севиш, ҳурматлаш туйғуларини, иноқликда яшашга интилиш, сабрлилик, бағрикенглик, чидамлилик, кечиримлилик ва бошқа хусусиятларни шакллантиришни талаб қилади.
Айни пайтда республикамиз аҳолисининг 60 фоизи ёшлар эканини инобатга олсак, улар онгига маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдириш, қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш нақадар муҳимлиги аён бўлади.
Дарҳақиқат, кўп миллатли ва кўпконфессияли мамлакатимизда динлар ўртасида ҳамжиҳатлик, дин ва давлат муносабатларининг одилона йўлга қўйилгани, таълим муассасаларида дунёвий билимлар ва диний қадриятларнинг уйғунликда ўргатилаётгани боис барқарор маънавий муҳит ҳукм сурмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни дин муносабатларини тартибга солувчи асосий xужжатдир. Унинг 3-моддаси виждон эркинлиги xуқуқига бағишланиб, “Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки xеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий xуқуқидир. Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди”, дея қатъий мустаҳкамлаб қўйилган.
Мустақиллик йилларида юртимизда дин соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Эътиқод эркинлиги учун кенг йўл очилди. Диний муносабатлар «Дунёвийлик даҳрийлик эмас» тамойили ҳамда «Инсон эътиқодсиз яшай олмайди», деган аниқ ишонч асосида қатъий белгиланди. Зотан, самовий динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, улар ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Кишиларни поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварликка даъват этади.
Диний ташкилотларга кўпгина шарт-шароитлар яратилиб, жамият тараққиётининг турли жабҳаларида уларнинг фаол қатнашишлари қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат бугунги кунда ҳар томонлама ўзини оқламоқда.
Халқимизга хос бағрикенглик, турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қаралаётгани боис, юртимизда диний, миллий, ирқий камситишлар ва низолар кузатилмайди. Тинч ва тотув яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари айни пайтда мамлакатимиздаги 16 та диний конфессия, кўплаб диний ташкилотларга бирлашган. Конституциямиз кафолатлаб берган тенгҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оиладек ҳамжиҳат саъй-ҳаракат қилишаётгани ҳам давлатимиз раҳбари олиб бораётган одилона сиёсат натижасидир.
Азамат УСМОНОВ