1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дунё неъматлари ичра энг яхши неъмат...

15-11-2022, 11:29 351 Ўқиш режими + -
“Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”.
       Имом Муслим ривояти.
            
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир куни Абу Талҳанинг ўғли касал бўлиб, вафот этди. Ўшанда Абу Талҳа ташқарида юрган эди. Хотини ўғлининг ўлганини кўриб, майитга керак бўладиган айрим нарсаларни тайёрлаб, уйнинг бир чеккасига олиб бориб қўйди. Абу Талҳа уйга кириб:
“Боланинг аҳволи қандай?” – деб сўради. Хотини: “Бир оз тинчиб қолди, ором олиб ухлаётган бўлса керак”, - деди. Абу Талҳа хотини рост айтаяпти, деб ўйлади. Ўша кеча ётиб, эрта билан туриб ғусл қилди. Кейин, уйидан чиқиб кетмоқчи бўлганида, хотини боласининг вафот этганини айтди.
Абу Талҳа Расулуллоҳ ﷺ билан бирга намоз ўқиб бўлгач, хотини билан ўзи ўртасида бўлган воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Шоядки, Аллоҳ иккалангизнинг ҳам тунингизга баракот берса (яъни, Аллоҳ фарзанд берса)!” – дедилар. 
Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ: “Ансорийлардан бир киши Абу Талҳанинг хотини тўққизта бола кўрганини, уларнинг ҳаммаси Қуръон тиловат қилишда моҳир бўлганини менга айтди”, - дейдилар” (Имом Бухорий ривояти)[1]  
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Дунё неъматдир. Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Набий алайҳиссалом дунёнинг инсон фойдаланадиган, лаззатланадиган нарсаларининг энг яхшисини айтиб: “Унинг энг яхши неъмати солиҳа аёлдир”, дейдилар. “Энг яхшиси”, яъни энг афзал неъмати – солиҳа аёлдир. 
Солиҳа қандай аёл? Уни Пайғамбаримиз ﷺ бундай таърифлаганлар: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
Диндорлик – аёл киши сифатланган энг яхши сифатдир. Шунинг учун энг яхши неъмат солиҳа аёлдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ:
“Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, ўз нафсида ҳамда молингда сени муҳофаза қиладиганидир”,  деганлар.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида эрига итоаткор аёлларнинг мақтовида қуйидагиларни айтади:
“Солиҳа аёллар – итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир” (34-оят).
Аёллар ҳам эркаклар каби, ҳар бир мусулмон каби имкон қадар нафақат қариндошларига, балки етимларга, камбағалларга, узоқ-яқиндаги қўшниларга, ҳамкасбларга, мусофирларга, тақдир тақозоси билан қийин аҳволга тушиб қолган кишиларга, шунингдек, қўл остида ишловчиларнинг тирикчилигига ёрдам бериши даркор. 
Наҳл сураси, 97-оят:
“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз”. 
Нисо сураси, 36–37-оятлар:
“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, кариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчиларни ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас. Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз”.
Дунё неъматининг энг афзали – солиҳа аёл. Шунингдек, дунёнинг энг яхши неъмати, аёлга нисбатан, солиҳ эрдир. Солиҳа аёл қанчалик эрининг ҳаққини адо этса, солиҳ эр ҳам аёлининг ҳаққига риоя этади. Шу боис Пайғамбаримиз ﷺ: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Йўқса, Ер юзида фитна ва катта фасод бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
 
 
Нилуфар Аҳатовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 
 
[1] “Нафс тарбияси” “Munir” нашриёти, 2021. 139-б.