Давлат байроғи – ҳар бир мамлакатнинг ғурури ва ифтихори
7902
15-11-2022, 11:32
223
Ўқиш режими
+
-
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб туради.
Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналган. Чунки халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.
Давлат байроғи – Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан ҳоли, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби-ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқлари, томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.
Бугун мамлакатимизнинг мустақиллик байроғи ҳилпираб турганига ҳам 31 йил тўлди. Мамлакатимиз мустақиллигига эришганидан сўнг, ўзининг конституцияси, байроғи, герби, мадҳияси ҳамда ўзбек тили мақомига эга бўлди. Давлатимизнинг ушбу рамзлари мустақиллигимизни ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамизнинг ҳар бир рамзи беқиёс, гўзал тарихига эга. Рамзларнинг ҳар бирининг тарихини саҳифаласак, унда халқимизнинг ғурури, шон-шарафи, тарихий хотираси, порлоқ келажакка бўлган сўнмас ишончи, орзу- умидларини ўзида мужассам этган ифодаси кўринади.
Ўзбекистон байроғи ўзида бутун халқининг асрий орзу-умидлари, шижоати, ғайрати, фахри, ғурури, ишончи ҳамда ўзига хос меҳмондўстликни мужассам этгандир.
Ватанимиз байроғини ўзга юртларда унинг обрўсини, шаънини, ифтихорини, нуфузини баланд кўтариб келаётган ёшларимиз бугун ўз билимлари билан, ақл –заковатлари билан, спорт мусобаларида қатнашиб, миллий байроғимизнинг чет мамлакатлари элчихоналари ва димоий ваколатхоналаримиз пештоқи ўзра ҳилпираб турганлигини кўриб беихтиёр инсон кўнглига ажиб бир ҳаяжон ўйғонади.
Байроғимиз баландлиги унинг қанчалар обрўси ва нуфузи юксаклигидан далолат беради. Шундай экан, халқимиз қадри, унинг қаддини сарбаланд кўтариш тимсолини ҳамиша эъзозлайлик. Мамлакатимиз ўзра ҳилпираётган байроғимиз ҳар доим бардавом бўлиши учун бирдамликда, ўз меҳнатимиз билан янаям юқори кўтаришга сабабчи бўлишимиз зарурдир. Бердиева Нилуфар“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ЎУБ бошлиғи