Ҳозирги замонамизда инсонларнинг ижтимоий тармоқларсиз ҳаётни тасаввур қила олмай қолаётгани сир эмас. Ижтимоий тармоқлар орқали юмушлар осон ва тез бажарилади. Масофалар жуда ҳам қисқариб, гўёки бутун оламдаги ҳодиса ва воқеалар кўз ўнгингизда содир бўлаётганга ўхшайди. Бу албатта яхши лекин, таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи фитналар, одоб-аҳлоқни зимдан емирувчи қораланган иллатлар ҳар бир онгли фуқарони ташвишга солиши керак. Кейинги пайтларда инсониятни жунбушга келтира оладиган баъзи фитналар аксарият инсонларда ўта оғир оқибатларни келтириб чиқармоқда. Фитна ўзи беш ҳарфдан иборат сўз бўлсада, таржима қилинганда – “мафтун этиш”, “йўлдан оздириш”, “исён”, “ғалаён” деган маъноларни билдирар экан. Асосий муаммо ижтимоий тармоқлардан ким қандай мақсадда фойдаланиб, ўзига қанча фойда-ю, қанча зарар етаётганлигини англамаётганидадир.
Аслида фитна катта гуноҳ иш эканлигини Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 191-оятида “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...” дея очиқ айтгандир. Кишилар орасига фитна – нифоқ солувчи киши битта бўлса-да, ижтимоий тармоқ орқали фитна тарқатганда улкан зарарларга сабабчи бўлишлиги мумкин. (Чунки, интернетнинг тартибга солинмаганлиги, чексиз аудиторияда маълумотларни етказиш тезкорлиги, интернет майдонидаги фаолиятнинг махфийлиги сабабидан сон-саноқсиз фуқароларга фитна таъсирига тушиб қолиши тайин.)
Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир ахборотни ўқувчи киши бу хабарни нечоғли ҳақиқат эканлигини англамасдан унга ишонмаслиги керак. Зеро, ҳар қандай хабар ҳам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириш ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар! Агар сизларга фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужрот сураси 6-оят) .
Мисол учун, ён атрофимиздаги баъзи воқеалардаги ҳолатни бўрттириб кўрсатиб, инсонлар орасига фитна солганлик натижасида кўпдан-кўп моддий ва маънавий зарарларни фуқаролар кўраётганини ижтимоий тармоқлардан кузатиб турибмиз. Доно ҳалқимизда “Бирники мингга, мингники туманга” ёки бўлмаса, “Бир кун уруш бўлган ердан - қирқ кун барака кетар” деган мақоллари беҳикмат эмас.
Ҳар бир иш режа асосида бажарилса, унда олға силжиш бўлади. Шунингдек одам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда доимо қилмоқчи бўлган ишларини аниқлаштириб олиши лозим, акс ҳолда ижтимоий тармоқда узоқ вақт давомида қолиб кетиши натижасида ўзига тааллуқли бўлмаган фитналарга аралашиб қолишлиги мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Охир замонда Дажжоллар (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни айтадилар. Бас сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага солиб қўймасин дедилар.”(Имом Бухорий ривояти)
Шунингдек Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир.” - дейилган. Ижтимоий тармоқларда ўтирган киши кўпинча ёлғиз бўлади. Ёлғиз кишининг эса ҳеч ким ҳалақит бермаганида вақти тез ўтганини билмасдан кўп вақт тўғри ва нотўғри маълумотларни ўқийди ёки томоша қилиш натижасида ножоиз, беҳаё расм ёки ведиоларни кузатиб ҳам кўп фитналарнинг қурбонига айланиб қолаяпти. Ваҳоланки, Қуръони каримда Аъроф сураси 31- оятида “..Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз” деган. Аслида Аллоҳ таоло вақтни ҳам исроф қилмаслигимизга урғу бераётганлигини англашлигимиз керак.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлардаги фитналардан сақланиш барча фуқароларнинг масъулияти экан, ҳар биримиз фуқаролик масъулиятимизни ёдимиздан чиқармайлик.Ҳамиша ҳам фуқаролар фитналар ўзларини қурбон қилишлигини тасаввур қилганда унга асло ва асло яқинига бормаган бўлар эди. Фитна ҳам чиройлик кўринишдаги қўштирноқ ичидаги чорловлар орқали кишиларни йўлдан оздиради. Натижада исён ва ғалаён кўринишидаги аслиятини намоён қилади. Аллоҳ таоло барчамизни турли фитналардан ўзи асрасин.
Самиев Абдумуталлаб
Шаҳрисабз шаҳар
“Оиша она” жоме масжиди имом хатиби