Уламоларимиз айтадилар: Ўзингни ёмон кишилар суҳбатидан узоқ тут, чунки ёмон кишилар суҳбати жаҳаннам ўтидан ҳам ёмонроқдир. Ҳар суҳбатнинг бир таъсири бўлади. Чунончи, яхши кишилар суҳбати фазилатни оширса, ёмон кишилар суҳбати заҳматни оширади.
Айни вақтда ғараз ниятли кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интрнетдан усталик билан фойдаланмоқда. Уларнинг асл мақсади дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш, жамиятга ҳар томонлама зарар етказиш орқали кишилар, айниқса ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларини шакллантиришдан иборат экани барчага маълум бўлди.
Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм, трансмиллий жиноятларнинг яна бир энг мудҳиш кўриниши – одам савдоси ёки наркобизнеснинг урчиб бораётганида ҳам маънавий дунёқарашдан йироқ таомиллар – беҳисоб бойлик орттириш, халқаро ҳуқуқ нормалари ва умуминсонийлик тамойилларига лоқайдлик, нафсга қулликдек жирканч иллат сабаб бўлаётгани аянчлидир.
Бундан ҳам мудҳиши, бу жараёнларга ватандошларимизнинг аралашиб қолаётгани, ғаразли мақсадли кимсаларнинг даъватига учаётганидир. Ўз Ватанига қурол ўқталиш, халқининг тинчлигини бузиш, қўни-қўшниси ёки энди улғайиб келаётган, ҳаётга беғубор орзулар билан боқаётган ёшларни гиёҳвандлик оламига олиб киришни ҳеч қайси анъана ёки қадриятларимиз оқламайди.
Азиз ватандошлар! Бугунги огоҳлик ва ҳушёрлик талаб қилинаётган бир пайтда дўст сифат кўринаётган хийлакор маккорлардан узоқ бўлиб, яхшиларга ҳамроҳ бўлайлик.
Азамат Усмонов