Муқаддас Ватанимиз байроғи давлатимиз суверенитетининг рамзларидан биридир. Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 31 йил тўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Тарихдан маълумки, ҳар бир давлатнинг ўз байроғи бўлган. Бу байроқ давлатнинг шавкату-шонини, қудрати-ю,бирлигини билдирган. Байроқ ўша ерда яшаётган халқларни ютуқ ва ғалабалар сари илҳомлантирган ва ундаган.
Ислом дини тарихидан ҳам аёнки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ислом динини ёйишда қўшин саркардаларига байроқлар берганлар. У зот байроқни энг суюкли, энг ишонарли, шижоатли кишиларга берганлар. Масалан, Ҳайбар куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Эртага байроқни шундай бир одамга тутаманки, у Аллоҳ ва расулини жон-дилдан яхши кўради. Бундай одамни Аллоҳ ва расули ҳам яхши кўради” деганлар. Эртаси байроқни ҳазрат Али (р.а) нинг қўлига бериб, уни ғалаба сари ундаганлар.
Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз давлатларининг байроғига катта эътибор берганлар. У зот ҳам ҳамиша давлат байроғини баланд кўтаришга фармон бериб, шундай дейдилар: “Жанг майдонида бир аскар қолса ҳам байроқни баланд тутсин!”.
Ватан байроғи муқаддас ҳисобланади. Бу муқаддас байроқ учун инсонлар ўз жонларини фидо қилганлар. Зеро, миллий байроқ, рамзлар ор-номус, шон-шараф саналади. Шу ўринда Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратларини мисол қилсак ўринли бўлади. У зотнинг бу қаҳрамонликлари ҳамон халқимизнинг тилидан тушмайди, у ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлаб туради.
Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берадилар. Душман ҳарчанд уринмасин, у зотнинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Бу эса муқаддас Ватан байроғини асраш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш, деганидир.
Ватанимизнинг байроғи ўзида бутун халқининг асрий орзу-умидлари, шижоати, ғайрати, фахри, ғурури, ишончи ҳамда ўзига хос меҳмондўстликни мужассам этгандир. Ватанимиз байроғини ўзга юртларда унинг обрўсини, шаънини, ифтихорини, нуфузини баланд кўтариб келаётган ёшларимиз бугун ўз билимлари билан, ақл –заковатлари билан, спорт мусобаларида қатнашиб, миллий байроғимизнинг чет мамлакатлари элчихоналари ва димоий ваколатхоналаримиз пештоқи ўзра ҳилпираб турганлигини кўриб беихтиёр инсон кўнглига ажиб бир ҳаяжон ўйғонади.
Ватанимиз байроғи ҳамиша муқаддас, у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган давлатнинг ёрқин тимсолидир. Ватанимиз байроғи халқимизнинг шон – шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Муқаддас Ватанимиз байроғи баландлиги унинг қанчалар обрўси ва нуфузи юксаклигидан далолат беради. Шундай экан, муқаддас Ватанимиз байроғини, халқимизнинг қадри, унинг қаддини сарбаланд кўтариш тимсолини ҳамиша эъзозлайлик! Мамлакатимиз ўзра ҳилпираётган байроғимиз ҳар доим бардавом бўлиши учун ҳамжиҳатликда, имконимиз етганча уни яна ҳам юқори кўтарилишига сабабчи бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.
Р. Усмонов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, Вилоят бош имом хатиби