Тарихдан маълумки, барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшишмаган. Аёллар эркак кишининг юзига тик қарамаган, кўча-куйда уларнинг олдини кесиб ўтишмаган. Ўз ўрнида аёл шаъни миллат шаънидек асралган, ҳимояланган.
Aфсуски, бугунги кунда бундай бебаҳо ҳикматларнинг қадри топталмоқда. Ер юзидаги қабиҳ ишлар камлик қилгандай, кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Бунинг оқибатидан жабр чекканлар, оила деган улуғ масканнинг гуноҳига ботаётганлар сони ортиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, инсоният тараққиётининг қулдорлик расман ҳукм сурган тўрт асрида қуллар сони 12 миллионга яқин бўлган. Кейинги ўттиз йил ичида фақат Осиёда жинсий қулликка маҳкум этилган аёллар ва болалар 30 миллиондан ошган.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг хулосасига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги, учинчи ўринни эгаллайди.
Бугун мустақил юрт фуқароларимиз, эркимиз ўз қўлимизда. Хоҳлаган мамлакатга бориб ишлаш имкониятига эгамиз. Бунинг учун етарлича қонун-қоидалар, мутасадди идоралар бор. Уларга мурожаат этсак, бас. Аммо айримлар ноқонуний йўллар билан ўзга юртларга бориб, жонларини хатарга қўймоқда. Борган жойларида меҳнат қилиб ҳақини ололмаётган, касал бўлиб қолиб, даволанишга пул ахтараётган, ҳатто уйига қайтиш учун йўлкирага пул тополмаётганлар қанча?!
Чет элга ишлагани бормоқчи бўлган айрим юртдошларимиз одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган нопок кимсаларнинг тўрига илиниб қолаётгани ачинарли ҳол. Бир юртдан бўлиб, ўз ватандошини қўлламаса, ёрдамга муҳтож миллатдошини қийин аҳволдан қутқариш ўрнига чоҳга итарса, бундай кимсаларни ким деб аташ лозим?
Одам савдоси ниҳоятда қабиҳ иш бўлганлиги сабабидан бу ёвузликка қарши мамлакатимизда жиддий кураш бошланган. Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламда тадбирлар олиб борилмоқда. Бундай тадбирларга лоқайд бўлмаслик ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлмоғи лозим. Бефарқлик ва лоқайдлик фақат ташвиш келтиради. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида машҳур файласуфлардан бирининг ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб билдирган фикри келтирилади:
“Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин.
Дўстлардан қўрқма – нари борса улар сенга хиёнат қилиши мумкин.
Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туришлари туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.
Бугунги кунда дунёда мамлакатлараро миграция жараёнлари сезиларли равишда фаоллашган. Табиийки, республикамиз ҳам бу жараёнда фуқароларимизнинг манфаатлари, хусусан, ижтимоий-иқтисодий, тиббий жиҳатдан муҳофаза қилиш мақсадида хорижий давлатлар билан ўзаро ишчи кучи алмашиш ҳақида битимлар имзоламоқда.
Ҳар бир яхши ниятли инсон меҳнат қилиб фаровон ҳаёт кечирсам, дейди. Лекин, бу истак инсонни зинҳор хўрлик ва зорликка маҳкум қилмаслиги керак. Буюк аждодимиз Заҳириддин Бобур: “Ўзга элда шоҳ бўлгандан, ўз юртингда гадо бўлган афзал экан” деб, кўзларига бежиз ёш олмаган эдилар. Мана шу ерда, Ўзбекистон бағрида болаларимизнинг соғ-саломат юришларига нима етсин!
Бу ҳақда бугун маҳаллаларимизда ҳам доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллада фаолият кўрсатадиган диний маслаҳатчилар хонадонларда бўлиб аҳолини огоҳликка чорлашади. Лекин, ҳамон жойларда одам савдоси қурбонлари кўпайиб бораётганлиги кишини ташвишга солади. Оддийгина алдов, мўмай даромад ҳақидаги пуч ваъдалар ёки арзимас қийинчиликни деб хориждан иш қидириш оқибати нималар билан тугаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз-ку.
«Саёқ юрган таёқ ер» деган нақл бор. Баъзи йигит-қизлар алданган бўлса, минг афсуски, бу йўлга ўз хоҳиши билан кетганлари ҳам йўқ эмас.
Демак, фириблар қурбони бўлиб, сўнг аттанг қилмаслик учун ён-атрофга теран кўз билан қараб, ҳаётда тўғри йўлни ҳам ўзимиз танлай билмоғимиз лозим.
Азамат УСМОНОВ