Аллоҳ таоло бандалари ичида энг лойиқларини пайғамбар этиб сайлади ва ўша пайғамбарларга фаришта Жаброил (алайҳиссалом) воситасида дин ҳукмларини ўргатди. Сўнгра пайғамбарлар бу ҳукмларни одамларга етказдилар. Одамлар зиммасидаги амаллар эса саккиз қисм бўлиб, улар фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром, макруҳ, мустакраҳ. Ушбу саккиз амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Яна айримларини қилиш-қилмаслик ихтиёрий. Афсуски, айрим мусулмонлар мана шу амаллар қолиб, баъзи бир “фалоний”, “пистоний” лақабли бемазҳаб мутаассибларнинг фейсбук, телеграм каби ижтимоий тармоқларда тарқатаётган гапларига ишониб, чалғиб юрибдилар. Бундай иғволарни эшитиб, ишониб, телефони хотирасида сақлаган ёки бошқаларга тарқатган кишилар бир ўйлаб кўрсинларчи, бундан уларга нима наф. Ундан кўра китоб ўқиб, илм олиб, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб, поклик (таҳорат, ғусл ва ҳ.к) қандай бўлиши, Аллоҳ таоло ёқтирадиган намоз, рўза, закот, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик кўрсатиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо, Аллоҳ таолонинг динига ихлос, У Зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ҳақида қайғурганлари афзал эмасми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурига қандай борамиз. Фалончи ундай деди, пистончи бундай деди каби миш-миш ва уйдирмалар зарардан бошқа нарса эмаску ахир.
Агар бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлинса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим эмасми? Бу ҳада Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида шундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими-ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасалари ва масжидларнинг расмий диний-маърифий сайтлари, фейсбук ва телеграм каналлари, шунингдек, uz. доменидаги расмий диний-маърифий сайтлар фаолият олиб бормоқда. Улардан барча диний маърифий масалаларга асосли ва аниқ жавоб топиш мумкин. Бошқа чет эл сайти ва каналларига ҳеч қандай муҳтожлимиз йўқ.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Бўлар-бўлмас гаплар билан умримизни бесамар ўтказмайлик! Аллоҳ таолога тақво қилайлик! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёрдир. Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Азамат УСМОНОВ,
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби