«Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ ﷺ айтдилар: “Умматлар менга кўрсатилди. Бир ва иккита набий билан оломон ўта бошлади. Бир набий билан ҳеч ким йўқ эди. Ҳатто менга улкан оломон кўрсатилди. Мен: “Бу нима, бу умматимми?” дедим. “Йўқ, бу Мусо ва унинг қавми”, дейилди. “Уфққа қаранг”, дейилди. Оломон уфқни тўлдириб турар эди. Сўнг менга айтилди: “Осмон уфқларидаги мана бу ва мана бунга қаранг”. Оломон уфқни тўлдириб турар эди. “Бу – сизнинг умматингиз, улардан етмиш мингтаси жаннатга ҳисоб-китобсиз киради”, дейилди”. Сўнг улар кириб кетдилар ва уларга баён қилиб бермадилар. Шунда қавм тўлқинланишди ва: “Биз Аллоҳга ва Расулига иймон келтирганлармиз. Ўшалар биз бўламизми ёки Исломда туғилган фарзандларимизми? Чунки биз жоҳилиятда туғилганмиз. Бу Набий ﷺга етиб борди ва у зот чиқиб:
“Улар ирим қилмайдиган, фол очирмайдиган ва (касал бўлмасидан) баданига (темир қиздириб) босмайдиган ва Роббиларига таваккул қиладиганлардир”, дедилар. Шунда Укоша ибн Миҳсон: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданманми?” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. Бошқа бир киши: “Мен ўшаларданманми?” деди. У зот: “Укоша сендан ўзиб кетди”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ ﷺ бундай дер эдилар:
“Аллоҳумма, лака асламту, вабика ааманту, ваъалайка таваккалту, ваилайка анабту ва бика хоосомту”” (Имом Муслим ривояти).
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сенга бўйсундим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим, Сенга (инобат) тавба қилдим ва Сен ила хусуматлашдим (яъни, Сенинг номинг ила ҳужжат талаб қилдим, ҳимоя қилиб, уришдим)”.[1] Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159-оят).
Хўш, таваккул нима? У қандай қилинади? Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътиқод қилиш таваккал қилишдир. Аллоҳ таолога таваккал қилиш “Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир” деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.
Таваккулни Ибн Ражаб ўзининг “Жомеъул улум вал ҳикам” китобида қуйидагича таърифлайди: “Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир” (409 – бет).
Журжоний “Таърифот”да: “Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир”, деган (74 – бет).
Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади. Банда бу ишларни қилаётганда фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса Аллоҳ таолога таваккал қилмаган бўлади.
Бир киши имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ҳузурига келди ва уйида ўтириб олиб: “То ризқим келмагунча ишламайман”, - деган киши ҳақида сўради.
Шунда Имом Аҳмад:
“Бу одам илмдан жоҳилдир. Батаҳқиҳ, Набий ﷺ бундай деганлар:
“Ризқим найзам сояси остида қилинади”” (Имом Бухорий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яманлик бир неча одамларга йўлиқдилар ва: “Сизлар кимсизлар?” деб сўрадилар.
“Биз таваккул қилувчилармиз”, - дейишди.
У (Умар розияллоҳу анҳу): “Йўқ, сизлар ўзини таваккул қилувчи этиб кўрсатувчиларсиз. Чунки таваккул қилган одам ерга уруғ ташлайди ва (кейин) Аллоҳга таваккул қилади”, - дедилар.[2]
Нилуфар Аҳатовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] “Нафс тарбияси” Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳлар ҳаётидан тарбиявий қиссалар. “MUNIR” NASHRIYOTI ТОШКЕНТ – 2021. 234-б. [2] “Нафс тарбияси” Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳлар ҳаётидан тарбиявий қиссалар. “MUNIR” NASHRIYOTI ТОШКЕНТ – 2021. 245-б.