1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БУЮК НЕЪМАТ

23-11-2022, 09:23 208 Ўқиш режими + -
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир.
Аллоҳ таоло бандаларига ўз фазли карами билан беҳисоб нематларни ато этган. Ана шу неъматлардан бири тинчлик ва осойишталикдир.  Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади. 
Бегуноҳ одамларнинг жонлари ва молларига қасд қилиш  хусусан ўлдириш қатъиян ман этилган. Айниқса мўмин - мусулмонларга ўзлари каби мўминларни ўлдириш қатъий ҳаром қилинган ва бунинг жазоси албатта жаҳаннам бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Шунинг учун тинч - тотувликда, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлишининг омили ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бир восита эканлигини унутмаслик лозим. 
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини барчамиз бирдек англайвермаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам таъкидлаганидек: “Икки неъмат борки кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди: булар тансиҳатлик ҳамда тинчлик - хотиржамликдир”.
Дарҳақиқат, инсонга бирор неъмат келса, ҳамма ҳам унинг қадрига бирдек етавермайди. Бу неъматлар қўлдан кетгач пушаймондан не фойда? Неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб – авайлаган инсонлар эса бу неъматлардан узоқ вақт баҳраманд бўлиши шубҳасиз. Моддий қийматга эга бўлган неъматлар қўлдан кетгач қайта топиш мумкин. Аммо тинчлик - хотиржамлик, соғлик каби бебаҳо неъматларни йиллар давомида  ҳам қайта тиклаш мушкулдир. 
Бугунги кунга келиб ер юзининг турли бурчакларида рўй бераётган  нотинч вазият сабабли дунёнинг  қиёфаси бошқача тус олди. Ёвуз кучлар муқаддас ислом динига  путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни  ёйишга урунмоқдалар. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда.
Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу - умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрда бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл - юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф - одат ва расм -русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.
Инсониятга, дов - дарахтга, чорва - молга, қурт - қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ. Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимизнинг янада  фаровонлигига эришамиз. 
Дунёда рўй бераётган турли нохуш ҳодисалар биздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақоза этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармай, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва адолат билан ҳаракат қилишимиз, тинчлик ва инсонпарварликка ундовчи ғояларни рўёбга чиқариш йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари