Мустақиллик йилларида бой тарихимиз, бетакрор меросимиз, муқаддас дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр – оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси ҳаётимиздан атрофлича ўрин олмоқда. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, ўз қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш учун кенг имкониятлар яратиб берди.
Юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик, хайрли ишларда халқимизнинг бирдамлиги ва яхши фазилатлар соҳиби эканлиги алоҳида касб этмоқда. Зеро, ёрдамга муҳтож кишиларга нажот қўлини чўзиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, мусофир ва ночор кишиларга ёрдам бериш, қўшниларга яхшилик қилиш, етимлар, боқувчисини йўқотган қарияларга яхшилик қилиш, умуман кундалик ҳаётида яхшилик қилиш, савобли ишларни бажариш, Ўзбек халқининг азалий юксак, улуғ фазилатларидан ҳисобланади.
Бир инсоннинг кўнглига шодлик улашиш улуғ савобли ишлардандир. Муҳтожнинг кўнглини олиш, унга меҳр, раҳм-шафқат кўрсатиш эса Яратганни ҳам инсонларни ҳам хушнуд қиладиган амаллардандир.
Буюк ва мутафаккир ҳазрати Навоий бобомизнинг қуйидаги мисралари халқимизга берилган юксак баҳодир десак муболаға бўлмайди.
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Саховатпешалик халқимизнинг қадимий одати. Айниқса, яқинларни йўқлаб туриш каби фазилатлар инсонийликнинг зийнати сифатида ҳамма даврлар учун қадрлидир.
Аждодларимиздан қолган минглаб яхши фазилатлар қатори меҳр, сабр-қаноат ҳам яхши меросдир. Сабр-бардош, аҳиллик, меҳр-оқибат, шукроналик каби отамерос қадриятларимиз халқимизни қадам-бақадам яхшиликлар сари бошлаётир.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Яхшилик эскирмайди, ёмонлик унутилмайди”, дедилар”. Ушбу ҳадиси шарифда яхшилик, савобли ва эзгу ишлар инсонлар қалбида эслаб юрилиши, ёмонлик эса унитилинмаслиги, ёмонлик билан эсга олиниши таъкидланмоқда.
Бир оғиз ширин сўз, кичик ҳадя билан бўлса-да, саховат кўрсатган инсон олий ҳимматлидир.
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти илмий бўлим мудири