1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Яхшилик қилишга энг ҳақли инсон ким?

25-11-2022, 09:47 324 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсон табиатига фарзандларни яхши кўриш, уларга меҳр бериш ва уларга яхшилик қилиш сифатларини жойлади. Ота-она ўз-ўзидан фарзандларига меҳр бериб уларни авайлаб асрайди. Эҳтимол шу сабабли ҳам оят ва ҳадисларда фарзандларга яхшилик қилиш, уларга меҳр бериш ҳақида буйруқлар келмагандир.
Бироқ фарзанд баъзи ҳолларда мана шундай меҳр бериб, бор будини унга сарфлаган ота-онасига яхшилик қилиши кераклигини, улар билан гўзал муомалада бўлиши лозимлигини унутиб қўяди. Шу сабабли ҳам оят-ҳадисларда ота-онага яхшилик қилиш, уларни ҳаққини гўзал адо қилишга тарғиблар жуда кўп учрайди. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Яхшилик қилишимга энг ҳақли одам ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Кейин отанг”, дедилар”.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, ота-она яхшилик қилишга энг ҳақли инсонлардир. Шу билан бирга бу ҳадисда она яхшилик қилишга отадан ҳам кўпроқ ҳақли эканига далил бор. Чунки она фарзанд туғилишидан олдин, ҳомиладорлик вақтида кўп машаққатларни бошидан ўтказади. Сўнг туғилиш вақтида ўлим билан юзма-юз келади. Фарзанд туғилганидан сўнг ҳам тунлари бедор бўлиб, болани эмизиб, бола касал бўлса, она ҳам бу касалликни ўз танасида ҳис қилиб машаққат чекади. Шу сабабли ҳам она яхшилик қилишда отадан аввал туради.
Аммо, итоат қилиш масаласида уламолар ихтилоф қилишди. 
Баъзи уламолар юқоридаги ҳадисдан далил олиб, агар ота-она иккита ишга буюрса фарзанд аввал онанинг буйруғини бажаради, дедилар. 
Баъзилари эса оилада ота бошлиқлигини эътиборга олиб, фарзанд аввал отанинг айтганини қилади, дедилар.
Баъзилар ота-онанинг буйруғи тенг ҳисобланади, фарзанд иккала буйруққа ҳам бирдек амал қилади, дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фарзанд ота-онасига имкон қадар итоат қилади. Бирини рози қилиш учун бошқасини ранжитмайди. Балки иккалаларини ҳам розилигини топиш йўлида жидду-жаҳд қилади ва дунё-ю охират саодатига эришади. Аллоҳ ҳаммамизни ота-онасини рози қилиб, жаннат калитларини қўлга киритадиган бандаларидан қилсин.
 
 
Мирмахаматов Муҳаммад
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси