Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ўз динига амал қилишидан асосий мақсади Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир.
Мусулмон киши амал қиладиган барча ҳукмларнинг асоси, яъни далили Қуръони карим ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломниг ҳадиси шарифлари ҳисобланади. Лекин ҳамма ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифни тўлиқ ва тўғри тушунолмайди. Шу сабабдан далилларни мукаммал тушуниб, ундан ҳукм олишга қодир инсондан сўрашга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”.
Саодат асрида саҳобалар бир масаланинг жавобини билмасалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўраганлар. У зотдан сўнг эса, инсонлар ўзлари муҳтож бўлган масалаларда рошид халифалар, саҳобалар, тобеинлардан фатво сўраб, унга амал қилиб келганлар.
Кейинчалик машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб ҳақида китоблар ёзилиб, мадрасаларда ўргатилиб, бу мазҳабларнинг ҳукмлари мусулмонлар ўртасида машҳур бўлди. Мужтаҳид имомлар ўз мазҳабларини Қуръони карим ва ҳадиси шарифга асосан тартибладилар. Шариат асосларидан ҳукм олишга қудрати етмайдиган, етарлича илми бўлмаган ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши вожиб бўлди.
Мазҳаблар ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилиб, бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган эди” (Оли Имрон сураси, 95-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса бундай дейилган: “Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш…” (Наҳл сураси, 123-оят).
Ушбу ояти каримадан шу маъно тушуниладики, инсон тўғри йўлда барқарор бўлиши ва охират ишида хато қилмаслиги учун Китобу суннатни яхши билган, унинг дақиқ жиҳатларини англай оладиган пешволарга эргашиши лозим (“Ат-тақлиду-ш-шаръия ва аҳамиятуҳу фил-Ислам”).
Кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифларда ҳам киши дунё ва охират ишларида адашмаслиги учун ўзидан илмда ва тақвода пешқадам бўлган кишига эргашиши лозимлиги баён этилган.
Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, дея ишора қилдилар» дея марҳамат қилганлар.
Набийимиз алайҳиссалом ўзларидан кейин уммат тўғри йўлдан оғмаслиги, парокандаликка юз тутмаслиги учун умматнинг набавий таълимотини чуқур эгаллаган, шу таълимот асосида иш юритувчи энг сара вакилларига мурожаат қилишни уқтиряптилар: “Сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдан борувчи халифалар суннатини лозим тутиб, уни жағ тишларингиз билан тишлаб олинглар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Бирорта мазҳабга эргашмай, нажот топиш мушкул. Чунки оят ва ҳадисларнинг бир неча маънолари бўлиб, уларнинг қай бирини олишга ҳамма ҳам қодир эмас. Бундан ташқари, айрим масалалар ҳукмини ечиш учун барча шаръий далилларни ўрганиб, ҳукм чиқаришга эҳтиёж туғилади. Табиийки, бунга ҳар кимнинг ҳам кучи етмайди. Шу сабабли мужтаҳид имомларга эргашиш зарур.
Демак, Аллоҳнинг Расулига ва у зотнинг йўлини тутган мужтаҳид имомларга ҳурмат билан эргашиб, итоат этиш ва шу йўлда мустаҳкам туриш нажот топишга асос бўлади.
Хулоса ўрнида Муҳаммад Ғаззолийнинг қуйидаги фикрларини келтирсак, у киши айтадилар:
«Бизнинг замонамизда ҳадиси набавий ҳимояси номи билан фуқаҳо имомларга нисбатан тил чўзадиган нобакор ёшлар пайдо бўлди. Ваҳоланки, фуқаҳолар суннатдан тойган эмаслар, санади саҳиҳ, матни саломат бўлган ҳадисга беписандлик ҳам қилган эмаслар. Уларнинг қилган ишлари баъзи ривоятлардаги иллатларни кашф қилиб, уни илмий асосда рад қилганлари ҳамда умматни энг тўғри сўзга, энг ҳидоятли йўлга иршод қилганлари бўлган, холос».
Алимардон Кароматов, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 2- курс талабаси