1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қаноат нима?

1-12-2022, 09:59 304 Ўқиш режими + -
Қаноат деганда икки нарсани тушунилади. 
         Биринчиси: Инсон табиатан молу дунёга ўч бўлади. Қандай қилиб бўлсада уни қўлга киритиш илинжида юради. Қўлга киритганлари қанча кўп бўлса ҳам тўйдим демайди, чанқоғи босилмайди. Бу ҳолат ҳадиси шарифда қуйидагича тасвирланади: 
“Одам боласинингикки водий олтини бўлса ҳам учинчисини хоҳлайверади. Одамзотнинг кўзини фақатгина тупроқ тўлдиради”. 
         Ислом дини инсонни маблағ тўплашда ва ризқ талабида саъй ҳаракат қилишда мўтадил йўлни танлашга ундайди. Инсон эса, мазкур кўрсатмалар асосида ўзининг тўғри ҳаёт йўлини белгилаб олиши керак. Ана шундагина бахт калити бўлмиш хотиржамликни қўлга киритади ва исрофгарчилик ва беҳуда ишлардан тийила олади. Айнан шунинг учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Жаброилнинг менга билдиришича, бирор жон ўз ризқини тўлиғича олмагунча ўлмайди. Шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқ талабида чиройли йўлни танланглар”.
         Агар инсон дунёга бўлган ўчлигига эрк берса, бу ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам хатарли бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам инсоннинг саркашлигини жиловлайдиган, тўғри ҳаётга йўналтирадиган ва унга ишончли ризқни кафолатлайдиган тизим керак бўлади. Бу муҳим вазифа ҳисобланади: “Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир”.   “Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор. Сен: “Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор”, деб, айт”. 
         Имон дегани молу дунёга ўчлик, унга ҳирс қўйиш, одамзотнинг нафсида бўладиган очкўзлик ва зиқналикнинг ёмон оқибатларга олиб келмаслиги учун унга бир чегара вазифасини ўтаб беради. Акс ҳолда нафс балоси туфайли киши доимо сиқилиб яшайдиган, озига қаноат қилмайдиган, кўпига эса тўймайдиган, ўзида бор нарсаси чанқоғини босмайдиган, натижада бошқанинг нарсасига кўз тикадиган, ҳалол нарсага тўймаганидан ҳаромга сўлаги оқадиган бўлиб қолади. Бундай нафснинг мисоли худди жаҳаннамга ўхшайдики, жаҳаннам ҳам миллионлаб гуноҳкорларга тўймайди, унга “тўлдингми?” дейилса “яна борми?” дейди.
         Имон инсонларни доимо маънавий тўғри ҳаётга, абадий охират диёрига, ҳеч қачон ўлмайдиган Аллоҳ таолонинг ҳузурига чорлайди. Кишида имон бўлса ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмаслигини, бу нарса инсоннинг ички олами билан боғлиқ нарса эканлигини англайди. Ҳадиси шариф ҳам буни исботлайди: “Бойлик дегани нарсаларнинг кўплигида эмас, балки, нафснинг тўқлигидадир”. 
         Иккинчиси: қаноатнинг яна бир маъноси шундан иборатки, инсонларнинг иқтидорлари, малакалари ҳар хил бўлганидек, ризқ борасида ҳам ҳар хил бўлиши табиий бир ҳолдир. Инсон эса ўзига берилган имкониятлар асосида иложи борича яхши ва тўғри яшашга интилиши, турли синовларни, балоларни матонат билан енгиб ўтишга ҳаракат қилиши керак.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
         “Аллоҳ ризқда баъзингизни баъзингиздан афзал қилди”.   
“Албатта, Роббинг ризқни кимга хоҳласа кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўргувчи Зотдир”.  
“У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир”.
Инсонлар ичида бўйи узуни ҳам, қисқаси ҳам, хунуги ҳам, чиройлиси ҳам, эсипасти ҳам, заковатлиси ҳам, кучлисию кучсизи ҳам бўлади. Худди шунингдек, кенгчиликда яшайдигани ҳам, қийинчиликда умр гузаронлик қиладигани ҳам бўлади. Бу ҳаётда табиий бир ҳолдир. Бундай фарқлар Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо этган қонуниятлардир. Бу тафовутни ҳатто, инсонлар ўртасидаги тенгликни, иқтисодий фарқларни йўқотишни шиор қилган турли таълимотлар ҳам ўзгартира олмайди.
         Ислом дини инсонга воқеликка борича қараш кераклигини, ҳаётни қандай бўлса шундайлигича қабул қилиши лозимлигини ўргатади, ҳаётни ўз қўли билан қийинлаштириб олмаслигини, бўлмағур хом хаёлларни деб ўзини машаққатга  қўймаслиги лозимлигини уқтиради.
         Ислом дини кишининг энг катта ғам-ташвиши бошқаларга берилган неъматлар ҳақида қайғуриш бўлиб қолишидан, қалбини кемирадиган фикрларга берилиб қолиб, кўнглида нафрат ва таъмагирлик ўти алангаланиб қолишидан қайтаради. Чунки инсон дегани бошқаларга берилган, ўзи эса маҳрум бўлган неъматлар ҳақида ўйлайверар экан, эришгани ўкинч ва тушкунликдан бошқа нарса бўлмайди. Аслида, неъматлар борасида ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларига қараши фойдалироқ бўлади. Ана шундагина қалбида хотиржамлик пайдо бўлади ва бахтли ҳаёт кечиради.
         Демак, бу ерда қаноат дегани, ўзгартириш қўлидан келмайдиган ўринларда Аллоҳ берганига рози бўлиш экан. Инсоннинг камолотга етишишида ҳикматлар, ақлий изланишлар ва ажойиботлар билан бир қаторда, жамият, синовлар ва ҳаётдаги ўнқир-чўнқирларнинг ҳам ўрни катта аслида. Имконияти даражасида эса ҳаракат қилиши, олма туш оғзимга туш, деб ўтирмаслиги керак. Лекин ҳаргиз эришиб бўлмас нарсаларни орзу қилмасин. Мисол учун, кекса киши ёш бўлиб қолишни, ташқи қиёфаси ўзгариб қолишини, бўйи паст бўлса узун бўлиб қолишини орзу қилиши, бундай ўйлар билан ич-этини ейиши шарт эмас.
         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида ҳам аёллар худди эркаклардек имкониятларга эга бўлишни орзу қилишганида, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди: 
“Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлинисўранг.Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир”[1]. 
         Қийинчиликда ҳам, торчиликда ҳам, урушлар, очарчиликлар пайтида юзага келадиган оғир ҳолатларда ҳам энг яхши ечим бу Аллоҳнинг берганига қаноат қилишдир. Инсон интилувчан бўлмас экан, олий мақсадларни олдига қўймас экан, иложсиз нарсаларни орзу қилиши, фойда келтирмайдиган ишларни қилиши унга ташвишдан бошқа нарсани олиб келмайди.
         Яна шу нарсани билиб олиш керакки, ҳамма нарса муҳайё бўлди дегани бахт дегани эмас. Бахт бу инсоннинг ички дунёси билан боғлиқ нарса. Шу ерда энг муносиб гаплар қуйидаги пурмаъно ҳадислардир: “Аллоҳ берганига рози бўлгин, энг бой инсон бўласан”.  “Ислом неъмати билан ҳидоят топиб, яшашга арзигулик ризқига қаноат қилган кимса ҳақиқий ютуққа эришибди”.  “Оз бўлиб, кифоя қилгани кўп бўлиб, чалғитиб қўйганидан яхшироқдир”.
Демак, қаноат дегани зиқна ва очкўз бўлмаслик, бировга ҳасад қилмаслик, ўзида бўлмаган нарсага таъма қилмасликдир. 
              А. Бойқобилов,