1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тармоқ ичидаги қармоқ

1-12-2022, 11:31 202 Ўқиш режими + -
Бугунги кундаги асосий вазифаларимиздан бири ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида диний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборат. 
Интернет сайтларида ёшлар дунёқарашига ижобий таъсир қилувчи ахборотлар оқимидан ташқари бузғунчи ғоялар асосида шакллантирилган, инсонни манқуртликка етаклайдиган материаллар ҳам учраб туради.
Баъзида интернет орқали никоҳланса, ҳатто ҳаж ва умра сингари ибодатларни интернет орқали адо этса бўладими, деган саволларни ҳам эшитиб қоламиз. Бу ҳолат замонавий ахборот технологияларининг имкониятлари, унинг инсон тафаккури, хусусан эътиқодига ўтказаётган таъсири ортиб бораётганидан дарак беради. 
Ҳар жамиятнинг кўнглини топувчи, унга кириб борувчи йўл бўлиб, ана шу йўлнинг воситалари ҳам мавжуд. Биз яшаётган бугунги асрнинг воситалари эса интернет, фазовий телевидения ва бошқалар. Ана шу воситалардан ҳидоят йўлида фойдаланишимиз, у орқали динимиз ҳақидаги турли нотўғри маълумотларга раддия беришимиз лозим. Чунки, бир пайтлар ўз аъзоларини телевизор, радио сингари замонавий технологияларни “бидъат” санаб, улардан эҳтиёт бўлишга чорлаган экстремистик, террорчи ташкилотлар ҳозирги кунда ўзлари замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқдалар. 
Уларнинг интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситлардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса-да, лекин ички саҳифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-ҳужжатларни тақдим этмоқда.
Бундан ташқари террорчиларга тегишли интернет саҳифаларида болаларга худкушлик амалиётини тарғиб этувчи махсус мультфильм яратилган. Фильмдан кўзланган асосий мақсад ёшларни террорчилар талқинидаги “жиҳод” ва “шаҳидлик” ҳаракатларига нисбатан мойиллик туғдириш ва ўз сафларини айни ана шу ёшлар ҳисобидан тўлдиришдир.
Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган айрим маълумот-хабарларни мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани ва натижада ёшларимиз билиб-билмай уларга қўшилиб, юртига, халқига, ота-онасига, ёру дўстларига хиёнат қилаётгани кишини жиддий хавотирга солади. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага бостириб келган мушрикларга хайрхоҳ бўлган, уларга зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан қаттиқ чоралар қўллаб,  хиёнаткорларнинг раҳбарлари қатл этилиб, уларга эргашганлар Мадинадан бадарға қилинган. Демак, хиёнатни ҳеч қандай қонун ёки таълимот оқламайди.
Инсоннинг онги-шуури турли-туман ахборот хуружлари нишонига айланиб бораётган бир пайтда, бу хуруждан ҳимояланишнинг йўли - соғлом фикр юритиш, атрофга ҳушёр назар ташлаш, ҳамиша огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, лоқайдлик, бепарволик каби иллатларни бартараф этиш бугуннинг муҳим масалаларидандир. 
Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида шундай деган эди. “Агар бир киши ёшлигида нафси бузилиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутиш ердан туриб юлдузларга қўл узатмоқ кабидир.” 
Демак, биз ота-оналар фарзандларимизга уларнинг ёшлик вақтида таълим-тарбия бериб, касб-ҳунар ўргатиб, тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб, уларнинг онгида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб борсак, улар элим деб, юртим деб ёниб яшайди ва жамиятда муносиб ўрнини топади.
 
 
Азамат УСМОНОВ,   
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом хатиби