Ҳаммамизга маълумки Ислом дини ниҳоятда бағрикенг бўлиб, дўстлик ва биродарлик динидир. Бу динда миллатчилик, айирбошлаш йўқ. Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсониятни бир жон Одам алайҳиссаломдан кўпайтирди.Одам болалари бир-бирлари билан танишсинлар,дўст-биродар бўлсинлар деб уларнинг миллат ва элатларни турлича қилди.Ислом таълимотларининг асосларидан бири ўзга халқлар билан тинч тотув яшаш,уларга бағрикенглик билан муомала қилишдир.
Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма миллатларни бир ота – бир онадан яратганлигини билдириб, “Ҳужурот” сурасининг 13-оятида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик, ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу мукаррамроғингиз тақводорроиғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор Зотдир”, дея марҳамат қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (сав) дан ривоят қилинган ҳадисда эса “Эй одамлар! Сизларнинг Роббингиз бирдир.Отангиз бирдир. Огоҳ бўлинг арабнинг ажамдан устунлиги йўқдир. Ажамнинг арабдан устунлиги йўқдир.Қизилнинг қорадан,қоранинг қизилдан устунлиги йўқ, фақатгина тақво билан устун бўлади.(Сизза Аллоҳ таолонинг амрларини етказдимми?!)”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоятлари.)
Ислом дини мазкур масалада фақат ақида масаласидаги бағрикенглик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди.
Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар бу икки масалага алоҳида диққат билан эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб, мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар суйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилади.
Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръон каримда “Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминлар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ,агар иффатли бўлган ҳолингизда ,зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз ,сизга ҳалолдир”. (Моида сураси 5-оят). Ушбу ояти карима ҳукмига биноан мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса бўлади. Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар” деган ва “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”. (Имом Абу Довуд ривоятилари) деган ҳадисларнинг ўзи кифоя қилади. Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжат –далил ва мисолларга назар солайлик. Пайғамбар алайҳисалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаламнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.
Бағрикенглик халқимизга азал-азалдан хос бўлган анъанага айланган фазилатдир. IХ асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунна йўналишининг ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳаби қарор топди. Бу ҳам бежизга бўлмаса керак, зеро Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини мукаммалликка етказган ватандошларимиз - ал-Мотуридий, Абул Муъин Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг «аҳли сунна вал жамоа» йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшганлар. Нафақат буюк алломалар, балки Ўрта Осиё ҳукмдорлари ҳам бу йўлда беқиёс хизмат қилдилар. Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Аҳли сунна ва жамоа»га доим содиқ, диний ақидапарастликка қатъий қарши бўлган.
Демак,Ислом дини мусулмонларни ғайридинларга яхши муомала ва муносабатда бўлиб яшашга буюрган.Неча асрлардан бери бу тарғибни тўғри тушунган ва амал қилган халқлар бошқа дин вакиллари билан ёнма-ён тинч-тотув яшаб келадилар. Хусусан бизни юртимизда ҳам шундай бўлиб келган. Динимизнинг мана шундай кўрсатмаларига қарамасдан,бошқа дин вакилларига нисбатан адоват қўзғатадиган фиклар тарқатиш,уларнинг эътиқодларига тоқатсизлик ,ҳаммани ўзидек фикрлашга мажбур қилишга уринишлар учраб туради. Ваҳоланки мусулмон киши ўзининг фикри бўлиши билан бир қаторда бошқаларнинг фикрига ҳам ҳурмат билан ёндошади.
Бунинг устига баъзи тоифалар диний бағрикенглик масалаларига зид келиб,ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларни қандайдир камчилик ва айблари сабабли кофирга чиқаришлари эса ўта ачинарли ҳолатдир. Бу ислом дини таълимотига умуман зид ишдир!
Динимизда бағрикенгликнинг турли кўринишлари бордир.Каттани кичикка,раҳбарни ходимга,отани фарзандларига,мусулмон киши диндош биродарига,мусулмон киши бошқа дин вакилларига ,мусулмон киши бутун инсониятга бағрикенглиги ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.
Мазкур йўналишларнинг барчаси ҳам муҳим.Лекин кўп миллатва элатлар, турли дин вакиллари яшайдиган юртимизда динлараро бағрикенглик жуда муҳимдир. Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси”қабул қилинди.Декларацияда ирқи,жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъий назар ,бағрикенгликни тарғиб этиш,инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда “16 ноябрь-Халқаро бағрикенглик куни”деб эълон қилинган. Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тошидир.
2017-йил Сентябр ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди. "Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади", — деди Ўзбекистон президенти.
Муҳтарам Президентимизнинг ушбу мурожаатлари бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.
Мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг элликдан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани эътиборга молик. Бу халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидан далолатдир.
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади.
БМТ Бош Ассамблеяси мазкур резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Президентимизнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.
Шуҳрт Муродов,
Миришкор тумани ва Чоргумбаз
жоме масжиди имом хатиби.