1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Уйланишлик фазилатдир

3-12-2022, 09:37 407 Ўқиш режими + -
                     Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл қилиб,  жуфтланишлари учун улар ўртасида ошнолик, меҳр – муҳаббат барпо қилиб қўйган зотдир.  Бу ҳақ Аллоҳ таоло “Қуръони-Карим”да: “  У зотнинг оятларидан ( яна бири)- ўз жинсларингиздан сизлар  таскин топишларингиз учун  жуфт ( аёл)лар яратганлиги ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилиб қўйганлигидир ”. ( Рум сураси, 21-оят). Эркак билан аёл орасидаги меҳр-муҳаббат уйланишлик учун энг муҳимдир. Меҳр-муҳаббат асосида йигит ўзига жуфт танлар экан, ўзига бир умрлик йўлдош,   келгусида туғилажак фарзандларига она танлаётган бўлади. Уйланиш билан оила ва бу оилада эса келгусида зурриётлар пайдо бўлади. Аллоҳ таоло “ Қуръони-карим”да:  “ Сизларга жуфтларингиздан фарзандлар ва набиралар яратди ”. ( Наҳл сураси, 72 оят ). 
               Уйланишдан мақсадни жинсий майлни қондириш деб эмас, балки  инсоннинг ўзидан кейин зурриётини қолдириш масаласи деб қаралади. Уйланишдан асл мақсад инсон наслини юзага чиқариш, инсоннинг эзгу ишларини давом эттириш, ер юзини обод қилишдир. Шу нуқтаи назарга кўра пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “ Никоҳ менинг суннатимдир, кимки суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”.  (Бухорий ривояти). Бу ҳадисга эътибор берилса, унда уйланмай тоқ ўтишдан қайтарилади. Чунки тоқ ўтиш инсон ҳаётининг давомийлигини тўхтатишдир. 
                    Йигитнинг уйланишда уйланаётган қизни танлаши уйланишдаги энг муҳим   иш ҳисобланади. Ҳазрати Алишер Навоий  “ Маҳбубул-қулуб ” асарида уйланаётганларга насиҳат бериб, қуйидагиларни ёзади: “ Яхши хотин-оиланинг давлати ва бахти, уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан, ҳусни бўлса-кўнгул ёзиғи, хушмуомила бўлса-жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради. Киши бу каби жуфти ҳалол билан қовушса, агар бундай бахтга эришса, ғам ва кулфатда сирдошга, ошкор ва пинҳоний дард-аламда ҳамнафас ва маҳрамга эга бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо тушса, ҳамдардинг у; тескари айланувчи  фалакдан бошингга ҳар бало келса, кўмакдошинг у. Кўнглингга ғам юзланса,  у ҳам ғамнок; баданингга хасталик ва заифлик етишса, унинг ҳам жони ҳалак. 
            Уйланиш  хотиржамлик бағишлаш билан бирга никоҳланувчиларга масъулият ҳам юклайди. Уйланишлик эркак учун  юзага келган оилани боқиш, унга бош бўлиш, оила аъзоларининг ҳақларини адо этиш, улардан етган баъзи камчиликларга сабр қилиш, у камчиликларни тузатиш, ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш каби масъулиятларни юклайди. Уйланадиган йигит ўз оиласи олдидаги масъулиятини доимо бажариши лозим. Зеро ҳадисда: “ Сизларнинг ичингизда яхшиларингиз аёлларига яхшилик қилувчиларингиздир” дейилади . ( Термизий ривояти). Пайғамбар (с.а.в.):            “ Аёлларнинг яхшиси эрига итоат этадиган ва у топиб келганини тежаб-иқтисод қилиб  ишлатадиганидир” деб марҳамат қилганлар.  ( Термизий ривояти). 
             Хулоса қилиб айтганда, уйланиш жамиятдаги кишилар орасида  хотиржамлик бахш этади.  Уйланиш орқали эркак киши ўз оиласига эга бўлиб,  оила аъзоларининг ҳақларини адо қилади. Уйланиш орқали эркак киши оиласидаги кишиларни эътиқодли, илмли қилиб тарбия беришга, оиласини меҳнат қилиб боқишга ҳаракат қилади. Уйланиш турли васваса ва шайтоннинг қутқуларини дафъ қилади. Уйланиш  инсонларни нотўғри йўлларга кириб кетишдан сақлайди. Уйланиш инсонни сабрли бўлишга ундайди. Уйланиш инсонлар учун тарбия ва фазилатдир.  Уйланиш инсон даражасини ошарадиган амаллардандир.  Шу сабабли уйланишига эътибор бериш муҳим ишлардандир. Чунки эртанги кунимиз фарзандларимиз ва улардан  туғилажак зурриётларга қўлидадир. Шу сабабли эртанги кунни белгиловчи зурриётларнинг қандай бўлиши бизнинг фарзандларимиз тақдирига кўпроқ эътиборли  бўлишимизга боғлиқдир.  
Руҳиддин Акбаров, 
Қарши туман “ Акбар халифа эшон ибни Мухтор” масжиди имом хатиби