Неъматларга шукр қилайлик
8043
3-12-2022, 09:47
253
Ўқиш режими
+
-
Инсон шукр қилиш билан берилган неъматни баракали бўлишига эришади. Барака туфайли неъмат зиёда ва бардавом бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” ("Иброҳим" сураси, 7-оят).
“Тафсири ирфон”да бу оят ҳақида шундай дейилади: “ Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос [1]”
Инсон ўзига берилган неъматларни санаб адоғига ета олмайди. Дарҳақиқат, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” ("Наҳл" сураси, 18-оят). Мана шундай неъматлар берилган инсон албатта, бу неъматларнинг шукронасини қилиши лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло берган неъматларга шукрона қилиш неъматнинг баракасини зиёда қилади. Шу сабабли барчаларимизни неъматларга шукр қиладиганлардан бўлишимизга муваффақ қилсин.
Эгамберди Сатторов.
Қарши шаҳар Маҳаллот масжиди имоми
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”. Шарқ НМАК. Т. 2019. 518-519-бетлар.