1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

М А З Ҳ А Б С И З Л И К – Б И Д Ъ А ТД И Р

6-12-2022, 09:36 237 Ўқиш режими + -
“Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидьатдир”
(Шайх Рамазон Бутий)
 
Ислом дини пайдо бўлганига ХIV аср бўлибдики, бу динни қораловчилар, ўзларини қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланувчиларнинг сони кундан-кунга турли ҳолатлар билан намоён бўлиб бормоқда. Одатда Ислом дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўллари дейилганда дунё мусулмон аҳлининг 90%ни ташкил этувчи аҳли сунна вал жамоа тушунилиши барчага маьлум. Бу ўз навбатида машҳур фиқҳий мазҳаблар бўлмиш ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалийларни ўз ичига олади. ХХ аср сўнгида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчилар тоифасидир. 
Ҳаракат тарафдорларининг даъвочиси “Исломда унга эьтиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий  мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор бир шаръий масалада улардан бирининг йўлини лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади” деган иддао билан барчани тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилмоқда. 
Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилишнинг асосида фақатгини Китоб (Қурьон) ва Суннат туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича “Бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса  Китоб ва Сунна таълимотидан  кўра, кўпроқ шахсларнинг ижтиҳод фикрларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, Исломдаги фиқҳий  мазҳаблар хижрий III асрдан сўнг  пайдо бўлганлиги эьтиборидан, бидъат ишлардан саналиб сунна таьлимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина   мурожааат қилганлар. Улар бирор бир масалада Қурьон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эьтибор қаратиладиган, эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор бир мужтаҳид имомга  тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни Рабқилиб олишдир” дейдилар. 
Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эьлон қилаётган мазкур тоифадаги шахслар Қурьон ва Сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофга замин бўлиши ва бу ислом бирлигига раҳна туғдиришини жар солмоқдалар.
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”- деган даъвони қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик   ва жоҳиллик, хусусан, ғаразгўйликдан бошқа нарса  эмас. Қурьон ва Суннадан мустақил ҳукм чиқариш ўзига хос илм ва шахсий хислат талаб этади. Ислом уммати илмий салоҳият жиҳатидан икки тоифага бўлинади. Биринчиси мужтаҳид, иккинчиси муқаллиддир.
Киши мужтаҳид  бўлмоқлиги учун машҳур илмлар бўлмиш Қурьон, тафсир, суннат, салафларнинг қавллари, усулул фиқҳ, луғат илми, ижмоь, қиёс ва ихтилофли илмларин мукаммал билмоқлиги лозим бўлади. Мужтаҳидлар даражалари ҳам ўз ўрнида мустақил мужтаҳид (Имом Аьзам, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад каби), мутлақ мужтаҳид  (Имом Муҳаммад , Имом Абу Юсуф, Имом Зуфар каби), муайяд мужтаҳид (Абу Жаьфар Таҳовий, Марвазий каби), таржийҳ мужтаҳид (Бурҳониддин Марғиноний, Имоми Рофеий каби), фатво мужтаҳид (Ибни Хажар Асқалоний кабилар). Юқоридаги сифатларга эга бўлмаган мусулмонларга муқаллидлар деб аталади. “Муқаллид”- мужтаҳид бўлмаган шахс бўлиб, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у хукм чиқаришдаги  далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. Муқаллид агар Қурьон ва Суннага амал қилмоқчи бўлса уларни билган кишилар, яьни мужтаҳидларга эргашиш тақлид қилишга ўз ўзидан мажбур бўлади. Хозирги даврда Имоми Абу Ҳанифа, Имом  Шофеъий, Имом Молик  ва Имоми Аҳмадга  ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига уламолар иттифоқ қилганлар. 
            Мужтаҳидлик даьвосини қилган  ёки қилаётган  ёки фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Мана шундай илмларда ижтиҳод қиладиган буюк мужтаҳидлар бўлмагач барча мусулмонлар тақлид қилишлари турган гап. Бугунги кунимиздаги баьзи бир илмсиз кишилар томонидан айтилаётган хар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап мутлақо асоссиздир. Улуғ аллома мужтаҳид Имоми Аҳмад ибн ханбал “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир.” Моликия мазҳабининг мужтаҳид уламоларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Ваҳб “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларидан адашиб кетган бўлар эдим” деган эдилар. Хақиқатан олиб қарйдиган бўлсак шундай улуғ  алломалар ўзлари агар фалончи бўлмагнида адашиб кетар эдим деб турсалару илми йўқ жоҳил инсон эса тақлид қилиш эргашиш йўқ деб ўзича ҳукм чиқаришга ҳаракат қилса. Шубҳасиз мана шу нарса оқибатида кейинчалик турли ихтилофлар, фитналар кўпайиб кетиши турган гап. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзини динида собитқадам қилсин. Мусулмонларимизни турли фитна ва алдовлар қурбони бўлишидан Аллоҳ таолонинг  ўзи асрасин. 
 
  
 А.Жумаев       
 
Шаҳрисабз туман “Янгиқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби