Жамият тараққиётини таъминловчи асосий омиллардан бири – қонун устуворлигидир. Чунки қонунларга оғишмай амал қилиш, уларда белгилаб қўйилган талабларни сўзсиз бажариш ижтимоий ҳаётдаги барқарорликни таъминлайди. Шу маънода Асосий Қонунимиз – Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Инсоният яралгандан бери муайян қонунларга, қоидаларга амал қилиб келади. Башарият тарихида қандай муваффақиятларга, натижаларга эришилган бўлса, шубҳасиз, бу борада қонунларнинг, тартиб-қоидаларнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода мамлакатимизда ҳам барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан натижаларга Бош Қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади. Пировардида эса ўша юртда тинчлик-осойишталик, хотиржамлик барқарор бўлади.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг ўттиз йиллиги байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларида тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.
Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими”да шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилгани айни сўзимизга мисолдир.
Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилгандир десак, муболаға бўлмайди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади, яъни: инсоннинг ҳаётини, ақлини, динини, инсоннинг наслини, мол-мулкини муҳофаза қилади.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.
Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг қатор моддаларида дин ва виждон эркинлиги белгилаб берилган. Унда халқимиз менталитетига мос ишонч-эътиқод, адолату инсоф, диёнат, меҳру-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, асосий қомусимизда юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Бу эса бир юртда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшашига замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилояти вакиллиги хуқуқшуноси Наргиза Садатова