Ватанпарварлик тарбиясида Аждодлар меросининг ўрни беқиёсдир. Инсонда мўътабар бир туйғу яшайди. Бу – Ватан туйғуси. Аждодлар кечмишида авлодлар фахри ва ғурури яшайди. Зеро, ана шу ифтихор бизнинг ёрқин орзуларимиз йўлидаги интилишларимизга қанот бағишлайди. Биз учун энг муҳими – юртимиздаги тинчлик.
Бугунги кун мураккаб, таҳликали замонда, тўрт томонимизда нотинчлик, ўнлаб давлатларда юз бераётган қонли тўқнашувлар, террорчилик ҳаракатлари, минг-минглаб бегуноҳ инсонларнинг қирилиб кетаётгани, тарихда номи машҳур тарихий иншоотлар, муқаддас зиёратгоҳлар шафқатсизларча портлатиб, худбинларча бузиб ташланаётган бир пайтда, ўлкамиздаги тинчлик, осойишталиги учун Аллоҳга ҳамдлар айтишимиз, бу тинчликни кўз қорачиғидай авайлашимиз керак!
Бунинг учун аввало, ён-атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини чуқур англаб юртимизда мавжуд тарихан, маънан юксакроқ масжиду мадрасалар, муқаддас зиёратгоҳлар тўғрисида ҳар бир ёш авлод онгига уларнинг бой ўтмиши, аждодлар меросига нисбатан хурмат, эҳтиром каби ватанпарварлик, дахлдорлик, диний, маънавий-ахлоқий, хуқуқий-сиёсий саводхонлиги таъминланса, ёшлар бундай хунрезлик йўлига хеч қачон қадам босмайди.
Аждодларимиз томонидан таълиф этилган асарларнинг деярли барчасида шундай сатрлар бор: “Қалам айтади ман оламнинг шоҳидурман, Қаламкашни мақсадига етаказурман”, Китоб инсон дўсти, китоб барчамизни маънавий баркамолликка, ёшларимизни комил инсон бўлишга, Ватанпарварлик руҳида тарбия топиб вояга етишларида китобнинг, қаламнинг ўрни беқиёсдир.
Барчамиз шу Ватан учун, Аждодлар меросига муносиб ворис бўлиб, буюк аждодларимизни, ота-боболаримизни эслаб, ўзимизга тан бериб, ўқиб, тарихни ўрганиб, тарихимизни, ўтмишимизни билиб келажакда Юртпарвар инсонлар тарбиясида, Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизматда бардавом бўлайлик. Зеро, “Аждодлар мероси – келажак пойдевори!”
Абдуманнон Узоқов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси