1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

7-12-2022, 13:59 290 Ўқиш режими + -


Яратганга шукрлар бўлсинки, халқимиз яна бир байрамни тинчлик-тотувлик шароитида қарши олмоқда. Биз ҳар йили кўтаринки руҳда уни нишонлаш баробарида осойишта ҳаётимизда бу куннинг алоҳида ўрни борлигини ҳис қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу мавзулар мужассамдир. Жумладан, кўпмиллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган: “Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар қонун олдида тенгдир”.
Эътибор берсак, мазкур моддада диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор берилди ва бу, табиийки, жамиятда маънавий тикланиш жараёнини янги босқичга кўтарди. Дунёвийлик билан динийлик ўртасида андоза сифатида қўллаш мумкин бўлган янги мезоннинг шаклланиши натижасида динлараро бағрикенглик таъминланди.
Ўз ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Одамлар дин ва эътиқодда бир-бирларидан фарқлансаларда, уларнинг ўзаро меҳр-шафқатли бўлишлари ҳамда ораларида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашларига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.
Ислом динининг муқаддас манбаси бўлмиш Қуръони карим ва ҳадисларда бунга далил бўлувчи мисолларни кўплаб учратиш мумкин. Жумладан: яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқаларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта ҳам модданинг йўқлигида, ўйлаймизки, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.
Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар.
Қуйидаги оятлар инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: яъни: “Динда мажбурлаш йўқ, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”.
Демак, ҳар бир шахс ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда бирор динни ўз ихтиёри билан танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим.
Бу Конституциямизда ҳам ўз аксини топган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).
Бундан ташқари, Ислом дини азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган.
Конституциянинг 63-моддасида ҳам оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.
Шунингдек, шариатимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-авторли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, солиҳа қизга уйлантириш, қиз бўлса имон-эътиқодли мусулмонга турмушга беришдир. Бу борада ҳам ислом динимизнинг қарашларига асосий ҳуқуқий қомусимиз ҳамоҳанг.
“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда).
Қуръони каримда шундай дейилади: яъни: “...Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг зиммасидадир...”.
Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Асосий қонунимиз Ўзбекистон фуқаросининг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар тенг ҳуқуқли деб билади.
  Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинганига 30 йил тўлишини нишонлаш арафасида турибмиз. Маълумки, Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Асосий Қонунимиз асосида олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бундай ҳолни мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларни қайта тикланиши борасида ҳам шоҳид бўлмоқдалар.
Шундай экан, яқинлашиб келаётган байрамни муносиб қаршилаш ҳозирги кунимизга шукроналикнинг ифодаси бўлади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон айласин! Яратган Парвардигор барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда, розилигига эришган бандаларидан бўлишимизни айласин!
Қомусимиз байрами барчамизга муборак бўлсин! 
 
Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби