1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Давлат мадҳияси – озодлик, миллий бирлик рамзидир

9-12-2022, 09:40 186 Ўқиш режими + -
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир.  Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассамдир.
1992 йил 10 декабрь “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар-бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Мадҳияда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуллар тараннум этилган. Мустақил Ўзбекистон мадҳиясининг мақсад-муддаоси мурғақ жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод мақсадлар мезонларга мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “ШУҲРАТИНГ ПОРЛАСИН ТОКИ БОР ЖАҲОН” жумласи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.
Инсон вужудидаги саломатлик етмиш икки томирдаги қон айланишининг мўътадиллиги билан баҳоланса, унинг жамиятдаги обрў-эътибори, одамийлик қиёфаси яна икки мезонда чамаланади — Иймон ва Виждон. Зеро, иймони пок одам эзгуликка мойил бўлади. У ҳар доим ён-атрофдаги кишиларга, демакки, Ватанига хизмат қилишни ўзининг инсонийлик бурчи деб билади. Виждон уйғоқлиги эса кишини сергакликка, ўзи туғилиб ўсган юртига тегишли ҳар қандай жараёнга дахлдорлик ҳиссини тарбиялайди. Бу хислатлар ватанпарварликдан далолатдир.
Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар-бир юртдошимизнинг олий бурчидир.
Шукрки, мамлакатимизда тинчлик — осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.
Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверсин.

Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий”ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари