1445 йил 27 Шаввол | 2024 йил 05 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:06
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:34
Asr
17:30
Maghrib
19:33
Isha
21:01


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИНИ ЕЙИШДАН ҲАЗАР ҚИЛАЙЛИК

15-12-2022, 14:56 123 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар-бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!... (Нисо сураси, 29-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради (Имом Абу Нуайм ривояти).
Демак, ҳар-бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади. “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Ривоят қилишларича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.
Хулоса ўрнида, Аллоҳ таоло барчамизга ноҳақ ва ботил йўллар орқали келадиган моллардан барчамизни Ўз паноҳида асрасин... 
 
 
Музаффар Қомимов,
 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
 маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари