1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Маст қилувчи ичимликлардан йироқ бўлинг!

16-12-2022, 15:11 185 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймай, балки, бандаларига Ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун пайғамбарларни юборди, китобларини нозил қилди. Худди табиб беморнинг ҳолатига қараб турли хилдаги дорилар беришга ўхшайди. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлар ҳам “қалб табиблари” бўлиб, қалбдаги иллатларга шифо улашадилар. 
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).
Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим. 
Араб тилида маст қилувчи ичимликни “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда бекитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Чунки, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади. Ибн Умар разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир”(Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти). 
Ушбу ҳадиси шариф маст қилувчи воситаларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади. Агар бирор мўмин киши майнинг ёки маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва Охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирдилар: “Кимки май ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса майдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!” (Имом Аҳмад ривояти). 
“Ғубайро” ўсимлик тури бўлиб, унга турли хил шарбатлар қўшиб, май тайёрланган.  
Бу ерда май ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар охиратда оғизлари қақраган - аянчли ҳолатда бўладилар. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга тавба қилсинлар. 
Мўмин - мўмин учун ойнадир. Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. оилаларда нотинчлик ва парокандаликлар юзага келмоқда. биз ўз уйимизда, маҳалламизда бир-бирларимизни яхшиликка далолат қилиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади. 
 
 
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари