Дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Шунингдек, “оммавий маданият” гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, экстремизм, терроризм каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган бебаҳо маънавий эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда.
Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман деб юрган фуқароларимиз юқоридаги каби хавф-хатарлар чангалига тушиб қолмаслиги учун давлатимиз томонидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Барча таълимотлар, тафаккур даҳолари инсон қобилияти, руҳияти ва ахлоқини ўрганиш, инсонни тарбиялаб, тўғри йўлга бошлаш, иллатлардан халос этиш учун асарлар яратиш ишлари билан шуғулланиб келганлар. Лекин ҳар бир даврда инсонларнинг ахлоқсиз ишлари, хирс ва нафс домига тушиб ўзининг ҳаёт йўлларини ҳароб этишлари ҳамиша жамиятни ташвишга солиб келган. Албатта бу каби нохушликларни олдини олиш учун фарзандларимизни тарбиясига эътибор қаратмоғимиз жуда мууҳимдир.
Муқаддас динимиз фарзанднинг таълим-тарбиясини ота-онанинг зиммасига юклайди. Зеро, Ислом дини ўзи илм ва таълим динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи хитоб қилинган ваҳий илм ва таълимни эслатди. Болага илм беришда аввало ўқиш ва ёзишни ўргатиш лозим. Чунки ўқиш ва ёзиш илм олишнинг асосий қуролидир. Шу билан бирга фарзандни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ҳам ўргатиш лозим. Чунки, илмсиз миллатнинг қуввати пасаяди. Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар.
Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шарқ алломалари ўз асарларида фарзандларга тарбия ва таълим бериш, уни маърифату маданиятга етаклаш муаммоларига эътибор берганлар.
Буюк мутафаккирлар фарзанд тарбияси, гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини таъкидлаганлар. Жумладан, Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарларида фарзандларга юксак инсоний фазилатларни камол топтириш тараннум этилган.
Юртимиз уламолари ўз асарларида фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она, уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб бориши муҳим эканини алоҳида таъкидлаганлар:
- фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ ва камтар бўлишига эътибор қаратинг;
- одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга ана шу хислатларни болаликдан сингдириш пайида бўлинг;
- фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ўзгаларни менсимаслик, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муносабат кўрсатиш ҳам одобсизлик эканини уқтириб боринг;
- ёши улуғ кишилар, устозлар билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, буйруқларини сидқидилдан бажариш ҳам болалар қалбига жо қилишга эътибор беринг.
Ҳадиси шарифда: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».
Демак, аввало ўзимизда одоб-ахлоқни шакллантириб, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларимиз берган сабоқлар асосида тегишли хулоса ҳамда ибрат олиб, фарзандларимизни юксак ахлоқли, илму-ҳунарли, дину-диёнатли, халқсевар, ватанпарвар қилиб тарбияламоғимиз даркор.
Нормурод Шойимов,
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби