1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тежамкор бўлган инсон муҳтожлик кўрмас

21-12-2022, 14:16 116 Ўқиш режими + -
Динимизнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, инсон ҳаётининг ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатини бир хилда эътиборга олади. Яъни, инсон ҳаётда яшар экан, руҳиятини юксалтириши учун ибодат қилишга, моддий эҳтиёжларини қондириш учун эса, иқтисодиёт билан машғул бўлишга муҳтож бўлади. Шариатимиз бу табиий жараёнга тўсқинлик қилмайди, балки тартибга солади ва тўғри йўлни кўрсатади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бунданда) чиройли жой (жаннат) бордир” (Оли Имрон сураси, 14-оят). 
Қуръони каримда бандаларнинг иқтисодий алоқаларига тегишли бир қанча оятлар мавжуд. Масалан, савдо-сотиқ, ижара, гаров, омонат, орият, мукотаба битимлари, ўлжаларни бўлиш, мерос масалалари, қарз олди-бердилари ва бошқа мавзуларда сўз юритилган. Қуръони каримда шундай дейилган: “...(мол-давлат) сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун...” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Ушбу қоида Ислом динида иқтисодга оид улкан қоидалардан биридир. Дарҳақиқат, мол-давлат жамиятнинг ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Унда бойлар нимани хоҳласа қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади. 
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам иқтисодий фаолият билан шуғулланиб, ўзи, аҳли аёлидан ташқари бева бечора ва етимларга моддий ёрдам берган кишиларни Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидо қилганлар, кундузи рўзадор, кечаси ибодат билан бедор бўлганларга тенглаштирдилар: “Бева ва мискинлар учун (ёрдам бериш мақсадида) ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи ёки кундузи рўза тутувчи, кечаси бедор бўлувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Барча мусулмонлар, жумладан тадбиркорлар ҳам, ҳаром луқмадан, шариатимиз ҳаром ҳисоблаган фаолият турлари алдов, фирибгарлик, қимор, судхўрликдан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Ҳаром билан озиқлантирилган жасад жаннатга кирмайди” (Имом Абу Яъло ривояти).
Эътиборга молик жиҳати шуки, шариатимиз иқтисодий масалалар ва ўзаро шартномаларда аниқлик, шаффофлик ва омонатдорликни биринчи ўринга қўяди. Жанжалга олиб борувчи, мубҳамлик мавжуд бўлган шартнома ва савдо турларини ҳақиқий, деб ҳисобламайди. Одатда, турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланадиган мусулмонлар шерикчилик қиладилар. Бу ишда ҳам асосий қоида – омонатдорлик ва шерикларнинг бир-бирига хиёнат қилмаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қудсий ҳадисларида Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар: “Аллоҳ таоло айтади:“Мен бир-бирига хиёнат қилмайдиган икки шерикнинг учинчисиман. Агар бири иккинчисига хиёнат қилса, уларнинг ўртасидан чиқаман” (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
Шерикларнинг иши юришиб кетса, ҳаммаси жойида бўлади. Иш юришмаганда эса, турли келишмовчиликлар келиб чиқади. Бундай низолар келиб чиқмаслиги учун, ишнинг бошиданоқ ниятни тўғри қилиш лозим бўлади. Акс ҳолда ишлар орқага кетади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким одамларнинг молини адо қилиш (қайтариш) ниятида олса, Аллоҳ ундан адо қилади (молни қайтаришига ёрдам беради), ким одамларнинг молини талофатга учратиш учун олса, Аллоҳ уни талофатга учратади” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Хулоса ўрнида, инсоннинг касбу-кор қилиши ва тадбиркорлик билан шуғулланишидан асосий мақсади фақат мол-дунё тўплаш бўлмаслиги керак, балки касбу-кор қилиш орқали халқи ва динига фойда етказиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ишсизларни иш билан таъминлаш бўлса, айни муддао бўлади. 
 
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари