Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта ҳар бир умматнинг амини
(ўта ишончли кишиси) бўлади, бизнинг
аминимиз Абу Убайда ибн Жарроҳдир”,
дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Умматнинг амини...
Абдуллоҳ ибн Умар разиёллоҳ анҳу: «Қурайш қабиласида уч киши бор: улар инсонларнинг энг очиқ чеҳрали, гўзал ахлоқли ва ҳаёлисидирлар. Агар сизга гапиргудай бўлишса, бир оғиз ҳам ёлғон қўшишмайди, агар сиз уларга гапирсангиз, сизни ёлғончига чиқаришмайди. Булар Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳлардир», дейди.
Абу Убайда разиёллоҳ анҳу Исломга биринчилардан бўлиб Абу Бакр Сиддиқ разиёллоҳ анҳу чорлови билан кирган, Абдураҳмон ибн Авф, Усмон ибн Маъзун, Арқам ибн Абу Арқам билан бирга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бориб, шаҳодат калимасини айтган эдилар.
Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ деди: «Уҳуд куни ҳамма Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашиб кетган эди. Биринчи бўлиб ёнларига мен етиб келдим. Қарасам, олдиларида бир киши у зотни ҳимоя қилиб жанг қилаётган экан. «Илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин, илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин», дердим. (Чунки, бу иш ўзимга насиб қилмагани учун у одамнинг менинг қавмимдан бирон киши бўлиб чиқишини истардим.) Зум ўтмай орқамдан Абу Убайда ибн Жарроҳ етиб келди, у ўқдек учиб келаётганди. Иккаламиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб отилдик. Қарасак, Талҳа у кишининг олдиларида йиқилиб ётибди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, дарҳақиқат у (жаннатни ўзига) вожиб қилди», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан жароҳатланиб, дубулғаларининг иккита ҳалқаси юзларининг ичига кириб қолган экан. Мен уларни суғуриб олмоқчи бўлган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг ҳалқани тишлари орасига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бермаслик учун қимирлатиб-қимирлатиб суғуриб олди, бироқ ўзининг олди тиши тушиб кетди. Кейин мен иккинчи ҳалқани суғуриб олмоқчи бўлсам, у яна: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг уни яна тишлари билан тортиб суғуриб олди, шунда иккинчи тиши ҳам тушиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, у (ўзига жаннатни) вожиб қилди», дедилар. Шундан сўнг биз Талҳага юзланиб, уни муолажа қилишга киришдик. Унга ўндан ортиқ зарба етган экан[1]. Муҳаммад ибн Жаъфар ҳикоя қилади: «Бир куни Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига насронийлар гуруҳи келиб: – Эй Абул Қосим, ўртамиздаги мол-мулкни тақсимлай олмай, бир-биримиз билан қирпичоқ бўлиб кетаёздик. Сиз, мусулмонлар, тўғрисўз, омонатдор кишисизлар. Шунинг учун бир ишонган одамингизни бизга қўшиб берсангиз, у молларимизни адолат билан тақсимлаб берса! – дейишди. – Эртага келинглар, сизларга энг ишонган одамимни қўшиб бераман, – дедилар. Умар ибн Хаттоб разиёллоҳ анҳу айтади: – Эртаси куни пешин намозини ўқиш учун масжидга одатдагидан эртароқ келдим. Аллоҳ ҳаққи, умрим бино бўлиб, бирор марта одамлар орасида қозилик қилишни истамаган эдим, лекин ўшанда Сарвари олам «Бу ишга мени танласалар эди», деган орзу билан эдим. Пайғамбар алайҳиссалом бизга пешинни ўқиб бергач, ортларига ўгирилдилар. Нигоҳлари билан одамлар орасидан кимнидир ахтара бошладилар. Мен умид билан бўйнимни чўзиб қарадим. Пайғамбаримиз назарлари Абу Убайдага тушиб, уни чақирдилар. «Меҳмонлар билан бирга бориб, улар келиша олмаётган масалани одиллик билан ҳал қилиб бер», деб буюрдилар. «Улоқни Абу Убайда илиб кетди», деб қўйдим ичимда. Анас ибн Молик разиёллоҳ анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ҳар бир умматнинг амини (ўта ишончли кишиси) бўлади, бизнинг аминимиз Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар» Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.
Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга учраб: «Эй Аллоҳнинг Расули, яхши таълим олиш учун мени бир одамга йўлланг», дедим. Шунда у Зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳга юбордилар ва: «Мен таълимингни ва одобингни яхшилайдиган кишига жўнатдим», дедилар» Ибн Асокир ривояти.
Шомда вабо тарқалаётгани ҳаммаёқда шов-шув бўлганда Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олдилар: «Менинг сенга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сендан бошқа мен учун уни ҳал қила олмайди. Агар ушбу мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушбу мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан». Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб: «Мўминлар амирининг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи», дедилар. Сўнгра қуйидаги мактубни ёздилар: «Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон сенга ушбу мактубим етиб борса, мени талабингдан ҳалол қил. Менга қолишга изн бер». Ҳазрати Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар: «Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминларнинг амири?» дедилар. «Йўқ. Лекин ўлим унга яқинлашибди», дедилар у киши. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу одамлар орасида юриб, уларни сабрга чақирар эдилар. Охири дард у кишининг ўзларига ҳам хуруж қилди. Синчалоқларига кичкина бир нарса чиқди. Одамлар у кишига тасалли бермоқчи бўлиб, ҳеч нарса эмас, дедилар. У киши бўлса, Аллоҳдан умидим бор, шунга ҳам барака берса, ажаб эмас, дедилар. Охири у киши хаста бўлиб ётиб қолдилар. Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади: «Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида (қабри ўша ерда) ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб: «Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз, яхшиликда бардавом бўлурсизлар–намозни ўқинглар, закотни беринглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж қилинглар, умра қилинглар. Бир-бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менинг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ таоло бани одамга ўлимини ёзгандир. Улар ўларлар. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Роббисига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи! Эй Муоз, одамларга намоз ўқиб бер». Ана шундан кейин Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Аллоҳ таоло бу кишидан рози бўлсин!
Холиқов Нурулло “Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси