1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мусулмонларнинг қайси бири афзал?

26-12-2022, 15:48 289 Ўқиш режими + -
Абу Мусо (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзал? 
Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонлар унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлгани”, деб жавоб бердилар: (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундай таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.
«Ислом», «мусулмон» сўзлари «саломатлик», «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда. 
«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.
Мусулмон киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини асло унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда биз бандаларини огоҳлантириб Қоф сураси 18-оятда шундай марҳамат қилган: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар”. 
Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки, одамнинг ҳаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг ҳикмати: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган намои аъмоллари ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса, ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишга, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом “Сен узун сукутни лозим тут. Фақат хайрни гапир. Чунки, узун сукут сендан шайтонни қувади, динингнинг ишида сенга ёрдам беради” деганлар. Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилишган.
Ким яхшилиги йўқ гапни гапирса, лағв (бефойда) гапни гапирган бўлади. Ким ибратсиз назар солса, хато қилган бўлади. Ким фикрламасдан шунчаки сукут қилса, кўнгилхушлик қилган бўлади. Асарларда келишича, Юнус алайҳиссалом Ҳутнинг қорнидан чиққанларидан кейин узоқ вақт сукут сақлайдиган бўлибдилар. У кишига “Гапирмайсизми?” дейилганда, “Гапириш мени Ҳутнинг қорнига олиб кирди-ку” деган эканлар.
Эътиборсиз қолдирилган тил шайтоннинг қўлига тутқазилган арқондир. Агар сукут қилса ва гапирмаса, жаннат аҳлидан бўлади, бордию гапирса, шайтон уни истаган пайтида истаган тарафга йўналтириб юборади.
Агар инсон тилининг тизгинини ушламаса, оғзи ташландиқ нарсалар кириб-чиқадиган эшик, қалби эса нопок нарсаларнинг тўхташ жойи бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тил билан қалбнинг бир-бирига боғлиқлигини баён этиб: “То банданинг қалби тўғри бўлмагунча иймони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди” деганлар.
Бекорчи гап умрни зое қилувчи, вақтни исроф қилувчи, инсонни керакли, фойдали ишлардан тўсувчи иллатдир.
Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг тилимиздан фақат Аллоҳ таоло ва Унинг Росули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўладиган сўзларни сўзлаб, улар қайтарган фаҳш ва беҳуда сўзларни тарк қилишни насиб айласин.
 
Холиқов Нурулло  “Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси