1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Илм олиш ҳам энг улуғ ибодатдир

26-12-2022, 15:55 371 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло барча махлуқоти ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратди. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматларини берган.  Шулардан бири илм олишдир.
Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм  излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”  (Мужодала сураси, 11). 
Илм фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳамад (алайҳиссалом) дан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишига ҳавас қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Илмнинг фазилати  қанчалик улуғ экани ҳақида соатлаб гапириш, жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.
Ҳидоя асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди Бурҳонул ислом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таълим ал-муталлим” китобида илмга қуйидагича таъриф берганлар:
“Илм – шундай бир сифатки, у кимда бўлса, мазкур кишига маълум (нарса) қандай бўлса шундай намоён бўлади”.Расулуллоҳ (с.а.в): “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, дедилар.
Ёшларни илм соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масаладир.  Ҳазрати Али ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:  “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, – деганлар. Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб  марҳамат қилганлар.
Демак, фарзандларимиз илм-маърифатли инсонлар бўлиб етишишларида ҳар биримиз масъулмиз. Инсон ўзини нимага бағишласа, ўша нарса доирасида шаклланишини ёдимиздан чиқармайлик.
 
Абдумажид АЛИМОВ, 
Китоб туманидаги “Туябоши” жомеъ масжиди имом-хатиби