Ўз жонига қасд қилиш -хатарли ижтимоий иллатлардандир
Инсон доимо ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр ыилиб,ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳмати умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш чин мўмин-мусулмонга хос ишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб ,унда бандаларини турли хил йўллар билан синашини маълум қилган. Қуръони каримда бу ҳақида шундай деган: “Сизларни бироз хавф хатар,очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз”дея марҳамат қилган. Афсуслар бўлсинки, айрим вақтларда баъзи-бир имони суст кишилар бундай имтиҳон ва синовлардан тўғри хулоса қилмай ўз жонларига қасд қилиб ато этилган ҳаёт неъматини қадрига етмаяптилар. Динимизда ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Исломда ўзини ўлдириш қатъиян ман этилган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (“Нисо” сураси, 29-оят). Уламолар “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласини мусулмонлар учун бир-бирларини, шунингдек ўз-ўзини ўлдиришни таъқиқ сифатида тафсир қиладилар.
Кўплаб ҳадисларда ҳам инсон ўзини-ўзи ўлдириши ман этилгани таъкидланади, масалан: “Собит ибн аз-Заҳҳок ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “... Кимки бирор қурол билан ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ўша қурол билан унга азоб берилади. Мўъминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, бас у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий, ривояти).
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, ҳамма шароит ва имкониятлар тўлиқ муҳайё бўлиб турган фаровон бир жамиятда яшаяпмиз.Биров-бировни ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди.Бундай адолатли ва тинч жамиятда яшаш айни бахтдир.Бинобарин,бизнинг юртда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб ва асос йўқ.
Ҳар бир инсон хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни англаб олиши ва шундай тўкин, тинч ва фаровон юртда ҳамда адолат устувор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукрлар қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру-қаноат ва чиройли тадбир ила ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ва ношукрлик қилинса оқибати яхши бўлмайди.
Шуҳрат Муродов
Миришкор туман бош имом хатиби