Террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амалдир
Маьлумки, муайян сиёсий омиллар ва турли илмий ёндашув билан боғлиқ сабабларга кўра экстремизм ва терроризм тушунчалари бўйича соҳа мутахассислари томонидан умумий эьтироф этилган ягона таьриф йўқ. Экстремизм ва терроризм тушунчаси бир бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин кетин келадиган босқичидир. Ислом дини тарихи жараёнида экстримист ва террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта ғоялари ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда. Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланади. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл ёки қилаётган ишлари бир, одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг турли ғаразли мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани, ҳамда ўз харакатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йули танланмоқда.
“Ислом” ва “Террор” сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-мохиятига зиддир. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллох адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”. Демак нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди хам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган.
Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилинишини бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, деб бахолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган ) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”.
Бугунги оммавий ахборот воситаларидан тез-тез учраб турган “ислом терроризми” ҳақидаги даъволар “яхудий терроризми” ёки “христиан терроризми” тушунчалари каби пуч ва асоссиздир. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликга ўрин йўқ. Ҳозирда “Террор” деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ”, деб белгилаб қўйилган.
Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради. Қуръони каримда бу борада: “Ерни (Аллоҳ хайирли ишларга ) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”, дейилган (Аъроф сураси 56-оят).
Демак, хар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ўзбошимчалик хатти-харакатлари ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амал саналади.
Aлишер Жумаев Шаҳрисабз туман бош имом хатиби