Ислом дини мўмин-мусулмонларни борлик пайтида шукр қилишга, йўқлик пайтида сабр қилиш ундайди. Инсон ҳаётида ҳар хил ҳолатлар бўлади. Баъзан инсон бой бўлиб ҳаёт кечирса, баъзан камбағаллик ҳолатига тушиб қолади.
Камбағалчилик баъзан инсоннинг дангасалик қилишидан, меҳнат қилишдан ўзини четга тортишидан юз беради. Дангасалик сўзи “меҳнат қилишдан қочишга одатланганлик”, “меҳнат қилмаслик” деган маънони англатади. Афсуски, бугунги кунда инсонларнинг ҳаётга енгил-елпи қарашлари натижасида дангасаликнинг давомли бўлиши авж олмоқда. Ислом дини мўъмин-мусулмонларни дангасалик қайтаради. У инсонларни меҳнат қилишга ундайди ва шу билан бирга меҳнат туфайли камбағалликдан холос бўлишга чорлайди.
Айрим кишиларнинг бефойда ишлар билан шуғулланиб вақтни зое кетказишлари ҳам камбағалликка сабаб бўлади. Айниқса, ёшларни интернет тармоқларида фойдасиз нарсаларга умрларини сарф қилишлари ҳам бунга мисол бўлади.
Айрим кишиларни кўп уйқу, кўп ейиш ҳам ялқовликка, хусусан камбағал бўлишларига сабаб бўлади. Чунки, кўп ухлайдиган одамнинг баданлари бўшашиб, камҳаракат бўлиб қолади, ғафлат ва роҳатга берилади. Асосий вақти шу йўсинда ўтгач, ўз-ўзидан кўплаб фойдали ишларни ўтказиб юборади. Бу эса камбағалликка тортадиган сабаблардан ҳисобланади.
Ислом дини мўмин-мусулмонларни Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда меҳнат қилишга, ҳаётда фаол фаол, пешқадам бўлишга тарғиб қилади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)шундай марҳамат қиладилар:«Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» (Имом Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, инсон бу дунёда имтиҳонда яшайди. Имтиҳон дунёда борлик ҳам бўлади, йўқлик ҳам бўлади. Аллоҳ таоло берган борлик пайтларда шукр қилишимиз ва қийинчилик, йўқчилик бўлган пайтларда эса сабр қилиб яшашимиз лозим бўлади.
Р. Акбаров.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими