1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Неъматларни қадрига етайлик

11-01-2023, 09:46 246 Ўқиш режими + -
Биз инсонларга Аллоҳ таоло таоло томонидан  беҳисоб неъматлар берилган. Инсон бу берилган неъматларни санаб адоғига етаолмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:
 “ Ва У сизларга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, саноғига етаолмайсиз” ( Иброҳим сураси, 34-оят). 
Ушбу оят ҳақида “Тафсири Ирфон” шундай дейилади:
          “ Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этиб қўйган барча неъматларининг ҳисобига етиш жуда мушкул иш. Биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ ато қилган неъматлар денгизининг бир томчиси, холос. Ушбу ояти каримада У Зот айтаяптики, Мен инсонларга ато қилган неъматларимни санамоқчи бўлсанглар, уларнинг ҳисобига асло етаолмайсизлар. Масалан, сиҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва шу кабилар ҳам неъматлар жумласига киради”.
Мана шу берилган неъматлар ичида соғлик ва тинчлик неъмати инсон учун энг муҳим неъматлардан ҳисобланади.  Агар соғлик ва тинчлик бўлмаса инсонга ҳеч нарса тотимайди. Шу сабабли бу икки неъматни қадрини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим.  Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. 
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ана шу неъматларга ношукрлик қиладиган, ўзи ва ўзгаларнинг саломатлигига эътибор қилмайдиган кишилар ҳам учраб турибди. 
Айниқса, бутун дунёда коронавирус пандемия хасталиги инсонлар соғлигига  хавф солиб турган ҳозирги пайтда айрим кишиларнинг ўзларининг ҳам бошқаларнинг соғлигини қадрига етмаётганликларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Жамоат жойларида оралиқ масофани сақлаш, ҳимоя ниқобларини таъқиш, қўлларни совунлаб ювиш каби ишларни бажаришимиз талаб қилинган бир пайтда айрим кишиларни бу ишларга бефарқ бўлаётганларини учратмоқдамиз.  
  Ваҳоланки, улар бу бефарқликлари билан ўзлари ва ён атрофларидаги кишиларнинг хаётларини хавф остига қўйишмоқда.  Ислом таълимотида эса ўзига хам ўзгаларга ҳам зарар бермаслик уқтирилади. 
 Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.  
Хулоса қилиб айтамизки, берилган неъматларни қадрига етишимиз ва бу неъматларга шукр қилиб боришимиз келгуси кунларимизнинг янада фазилатли бўлишини таъминлайди. Аллоҳ таоло барчамизни неъматларнинг қадрига етадиган ва уларга шукр қиладиган кишилардан қилсин!
 
Р. Усмонов, 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили