Халқимизда инсонлар бир-бирларига салом берганларида ўзаро тинчлик тилаши тушунилади. Зеро, “Ассаламу алайкум” дейишликнинг ўзи бошқа бир кишига тинчлик тилашдир. Одамларнинг бир - бирларига тинчлик тилашлари замирида катта маъно, катта фазилат ётади. Чунки берилган неъматлар ичида энг буюк неъмат бу- тинчлик неъматидир.
Қуръони каримда одамларни бир - бирларига саломлашишга буюриб шундай дейилади: “Қачон сизларга бирор (ибораси) билан салом берилса, сиздан ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз....” (Нисо сураси, 86-оят).
Салом бериш ва унга жавоб бериш билан савоб кўпаяди, инсоннинг умри ва ризқига хайру-барака киради. Пайғамбар с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Эринмасдан мукаммал ювин, умринг зиёда бўлади, ким билан учрашсанг салом бер, савобинг кўпаяди, ўз уйингга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру-барака киради”.
Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан чиройли қилиб салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда: “Бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларидан ўтиб кетаётиб: “Ассалому алайкум”, деди. Пайғамбар с.а.в.: “Ўнта”, дедилар. Яна бир киши ўтаётиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Пайғамбар с.а.в: “Йигирмата”, дедилар. Яна бир киши ўтиб кетаётиб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. Пайғамбар с.а.в:
“Ўттизта”, дедилар. Шунда бошқа бир киши “Ўнта, йигирмата, ўттизта” дейишларининг сабабини сўради. Пайғамбаримиз с.а.в: “Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар.
Салом бериш билан инсон сахийлик қилади. Зеро, дунёда энг бахил киши саломга бахиллик қилган кишидир. Ҳадиси шарифда: “Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир”, дейилади.
Салом беришда инсонлар ким олдин салом беришда мусобақалашишлари лозим. Чунки, ким олдин салом берса салом берган ва алик олингандаги савобнинг кўпроғини қўлга киритади. Олдин салом бериш камтарликка, бошқаларни олдин салом беришини кутиш эса манманликка киради. Мени ёшим катта, уни ёши кичик, у салом берсин, дейиш кибр ҳисобланади. Инсон ўзидан кибрланишни ювиш учун ҳам ўзидан кичикларга салом бериши лозим. Шу сабабли олдин салом бериш инсондаги кибрни кетказиб, унга камтарлик камолотини беради. Бу ҳақда халқимизда шундай бир мақол бор:“Ман-манга завол, камтарга камол”.
Халқимиз орасида уловдаги киши пиёдага, озчилик киши кўпчиликка, юрган киши ўтирган кишига салом бериш одати бор.
Баъзи бир кишилар салом беришда уни тўғри айтилишига эътибор бермайдилар. Инсонлар бошқа бир инсонлар билан учрашганларида “Ассалому алайкум” дейиш ўрнига, “Ассам –алайкум” дейишса, “Сизга ўлим бўлсин”, дейилгани бўлади.
Баъзи бир кишилар “ Ассалом” деб қўйишади. Бу ҳам нотўғри салом бериш ҳисобланади. Чунки “ Ассалом”ни ўзини айтиш ноаниқликни, яъни, кимга, тилак тилашми, ёки хабар беришми, деган саволларни юзага келтиради. Шу сабабли “Ассалому- алайкум” деб тўлиқ ва аниқ салом берилиши лозим.
Саломлашиш пайтида қўл бериб кўришиш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Инсонлар саломлашиб, бир-бирларини қўлларини олиб кўришсалар улар ўртасида меҳр мустаҳкамланади. Икки инсон қўл бериб кўришар экан уларнинг савоблари кўпайиб, гуноҳлари тўкилади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: “Икки киши учрашганда қўл бериб кўришса, ҳар иккисининг гуноҳи ҳали бир-биридан узоқлашмасдан мағфират қилинади”, дейилади.
Шу сабабли халқимиз орасида қадимдан қўл бериб кўришиш одати кенг тарқалган. Салом беришда қўл билан кўришишдан ташқари қучоқ очиб кўришиш ҳам мавжуд. Инсонлар бир-бирларини соғинганликларини изҳор қилиш мақсадида қучоқлашиб кўришади.
Оиша р.а. шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз с.а.в. Зайд ибн Ҳорисани узоқ вақт соғинганлари учун уни қучоқлаб, пешонасидан ўпдилар”.
Қўл бериб ёки узоқ вақт соғинганда қучоқлашиб саломлашиш миллий ва диний қадриятларимизда мавжуд бўлган одатлардан ҳисобланади.
Донолар қуйидаги ўринларда салом берилмай турилади, дейишади:
1. Мажлисда маъруза қилиб турган кишига.
2. Ухлаб ётган кишига.
3. Оғзида луқма бўлган, овқатлаётган кишига.
4. Ҳожат ёки бавл қилаётган кишига.
5. Ҳаммомдаги кишига.
6. Дарс қилаётган кишига.
7. Китоб ўқиётган кишига.
8. Ибодат билан шуғулланиб ётган кишига.
9. Кураш тушаётган кишига.
Инсонларнинг бир-бирлари билан учрашганидаги чин кўнгилдан, очиқ чеҳра билан саломлашиши халқимизнинг энг яхши одатларидандир. Саломлашиш одобларини яхши билиб, унга амал қилишлик одамлар ўртасида инсоннинг мартабасини кўтаради, улар орасида меҳр-муҳаббат ёйилади. Ва у инсонлар орасида буғзу-адоватни йўқолишига, яхшилик жорий бўлишига хизмат қилади. Халқимизнинг саломлашиш каби одатлари фарзандларимиз онгида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга, уларнинг миллатга, қадриятларимизга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Қарши туман “Тош” масжиди имом хатиби: Авлиёқулов Умар