Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қўмсайди ва соғинади. Бу қўмсаш биз умматга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз ватанлари Маккаи Мукаррамада 53 ёшгача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан у зотга бир қанча зулм, душманлик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар: “(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюмлироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмас эдим.”(Имом Термизий ривояти)
Инсоннинг ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, улардан энг муҳимлари қуйидагилардир:
- Инсон қаерда (сафарми ёки саёҳат?) бўлмасин, ватани ҳақида дуода бўлиш. Чунки, Расулуллоҳ Мадинага борганларида шундай дуо қилганлар: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдроқ суюкли қилгин! Ва уни тошу-тарозисига – Соьу муддига барокат бергин.” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
- Ватанни ҳимоя қилиш. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди.” (Имом Термизий ривояти)
- Ватанни ободонлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этдик.” (Ҳуд, 61-оят) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат қоим бўлибқолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин.” (Имом Бухорий ривояти)
- Ватанда фасод ва бузғунчилик қилмаслик. Бу борада Аллоҳ таъоло хабар беради-ки: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинг ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга Яқиндир.” (Аъроф, 6-оят).
Аллоҳ барчамизни ватанни севувчилардан қилсин. Юртимизни турли офатлардан ўзи сақласин!
А.Ганжиев
Ғузор тумани бош имоми