Халқимиз “ Ён қўшни –жон қўшни” ёки “ Уй олма қўшни ол”, деб бекорга айтмайди. Агар ҳаётда инсоннинг учта бахти бўладиган бўлса, улардан бири яхши қўшнидир. Бу ҳақда ҳадисда:“Яхши хотин, кенг ҳовли ва яхши қўшни инсоннинг бахтидир”, дейилади. ( Бухорий ривояти).
Яхши қўшни дегани шуки, қўшниларига зара беришдан ўзини тийиш эмас, балки қўшнилардан озорлик етса, унга сабр қилиб қўшнини ранжитмайди.
Ҳақиқий тарбия кўрган маданиятли инсон қўшниларини ҳурматлайди. Зеро, бу ҳақда ҳадисда ҳам:”Ким Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматласин”. ( Бухорий ривояти).
Яхши инсон қўшнисига зарар солмайди, унга ёмонлик қилмайди. Бу ҳақда ҳам ҳадисда:
“ Кимнинг ёмонликларидан қўшниси омон бўлмаса, у жаннатга кирмайди”. ( Имом Муслим ривояти).
Инсонлар ўртасида дўстлик, меҳр-муҳаббат ва яхшиликларни жорий қилишда яхши қўшничиликнинг ўрни жуда муҳимдир. Яхши қўшничилик алоқалари туфайли жамият кишилари ўртасида меҳр-оқибатли, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари, яхшиликда ҳамкорлик қилишлари каби инсоний фазилатлар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун хотиржамлик, тинчлик бахш этадиган омиллардан ҳисобланади
Р. Акбаров