Қуръони карим - Ислом динининг асосий таянчи, манбаи ҳисобланади. Мўъмин мусулмонлар доимо ҳар бир ишда уни дастурул амал деб биладилар. Қуръони карим ўн тўрт асрдан буён кишиларни ҳидоятга чорламоқда.Унда дунё ва охират яхшиликлари мужассамдир. Дунё кўрки фарзандлар ва уларни баркамол ўстириш ҳусусида Кало-муллоҳда қандай кўрсатмалар мавжуд?! Бугунги авлод тарбиясида ютуқлар қўлга киритилиши учун нималарга эътибор бериш даркор! Фарзанд қалбимиз райҳонаси, гулидир. Аллоҳ таоло инсонга фарзандни неъмат қилиб берган. Фарзанд ота-онанинг ҳузуридаги Аллоҳнинг омонати. . Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида эса ёрдамлари-дан баҳраманд бўламиз. Уни Аллоҳдан қўрқадиган, омонатга хиёнат қилмай, яна покиза ва мусулмон ҳолида топширишлари керак.Вафот этганимиздан кейин эса уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.Лекин гоҳида мана шу фарзанд ота-онасига тарбияси ёмонлиги билан кўп зарар келтириши ҳам мумкин. Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалар, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Болалар эртанги кунимизнинг посбонлари, ишларимизнинг давомчиларир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Фарзандларингизни ўз орзуларига, ўз ҳолларига қўйманг, балки уларни гўзал тарзда тарбия қилинг”.
Инсон боласи туғилгандан то улғайиб кексайиб вафот этгунга қадар тарбияга муҳтож. Бу тарбия дастлаб ота-она, устоз ва бошқалар тарафидан берилади. Агар тарбия жараёни тўхтаб қолса ёки ёмон томонга бурилса, инсон тубанликка кета бошлайди.
Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир.Яхши таълим-тарбия, шубҳасиз инсоннинг жисми ва руҳий дунёсига, охиратига фойдалидир. Уни ҳар икки жаҳонда бахту саодатли қиладиган, илм ва тажриба билан бир қаторда билимдонлик бахш этадиган туғри йўлга эзгу ва маъқул илмларга ундайдиган таълим–тарбия бериш лозим. Ақл илмга нақадар тўлиб – тошса ҳам, қалб ва кўнгилни сира унутмаслиги керак. Инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни-виждон ва нафсини тарбиялаши, эҳтиросларни бошқара олиши, ёмон одатларини тарк этиши, мавжуд илмий ютуқларини инсоннинг фойдасига йўналтира оладиган зеҳниятга эга бўлиши зарур.
Чунки, келажак доимо ёшлар қўлида бўлади. Бугун биз берган таълим – тарбия эртага ўз маҳсулини бериши шубҳасиз. Мустақил Ўзбекистонга, пухта билимга эга ёшлар керак. Янги авлод камолини юксалтириш лозим. “Ўзбекистоннинг келажаги ёшлар қўлидадир”.
Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юриш, кўп ҳаракат қилиш ва бандантарбияга одатлансин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Фарзандларингизга сузишни, чавандозликни ва мерганлик-ни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”.
Бу ҳадиси шарифдан бизларга маълум бўлдики, ўғил болаларни спорт билан шуғуллантириб жисмонан бақувват қилиш, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “40 та кучсиз мўминдан битта кучли мўмин яхши”, деганлар. Қизларни эса албатта бир касбни ўргатиб, уларни шуғуллантириб қўйиш лозим.
Оят ва ҳадисларда ёш авлод тарбияси, ва баркамол – соғлом бўлишлиги улар ҳали дунёга қадам қўймасларидан илгари бошланишлигининг ҳикмат шундан иборат, курраи заминга қадам қўяётган янги инсон уни вайрон қиладиган эмас, балки дунёга зийнат бериб, эзгуликни таратадиган бўлиши лозимдир. Ислом – тинчлик, эзгулик, тараққиёт динидир. Динимиз мукаммал, баркамол, мақбул диндир. Диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллаган, комил мусулмон бўлиб умр кечирган аждодларимизнинг буюк хизматларига бутун дунё ҳозирда ҳам тан бериб келмоқда. Янги авлод уларнинг номини фахр билан тилга олади.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Фарзандларингизга ўз замонасининг илмини ўргатинглар, чунки улар ўша замон учун яртилган-лар», деганлар.
Юртбошимиз бу ҳақида шундай деганлар: «Худо берган болани боқиш, тарбиялиш, юртнинг асл фарзанди этиб вояга етказиш, аввало, шу замонда яшаётган ота-онанинг қолаверса, шу эл тақдири қўлига ишониб топширилган раҳбарнинг зиммасига юксак масъулият юклайди». Йигитларимиз бўлажак оиланинг устуни бўлса, қизларимиз эса унинг файзи ҳисобланади. Аллоҳ бугунги янги авлодни динимиз ва миллатимиз фахри бўлишни насиб этсин.
Жамолиддин Бокиев
Кўкдала тумани “Саид Бокихон” жоме масжиди имом- хатиби