«Риё» сўзи “хўжа кўрсин”, “кўриш” маъноларини англатади. Шариатда эса Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади. Риё- банданинг зоҳиран Аллоҳ таолонинг ризосини топишни,ботинан эса бошқа бир мақсадни кўзлаб қилган амалидир.
Қуръони каримда: «Чунки улар молларини хўжакўрсинга сарфлашади ва Аллоҳга ҳам ,қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса,у қандайин ёмон дўстдир.» (Нисо сураси, 38-оят).
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло айтади: «Бандам мени масхара қилаётганини кўринглар!» дейди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам риё, кибр,манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Шайтон кибри ва манманлиги туфайли лаънатга учраб,қувғин қилинган. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади.Чунки улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишмагани учун шайтоний васвасага учишади. Шайтон эса мўминларнинг очиқ-ойдин душманидир.,у фақат ёмонликка чорлайди.Унинг сўзига кирганлар эса жаннат лаззатларидан маҳрум бўлишади.
Ислом дини инсонни ихлос билан амаллар қилишга буюради. У ихлоснинг зидди бўлган хўжа кўрсинга қилинадиган ишдан сақланишга чақиради.
М. Қораев,
Қарши шаҳри “Қумқишлоқ” масжиди имом хатиби