Ақиқа маросими динимизда мавжуд бўлган маросимлардан бирдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:“Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровланган. Унинг (номи)дан еттинчи куни (жонлиқ) сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади” (Имом Аҳмад, Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Бу ҳадисда айтилишича, боланинг келгусида бахтли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқ. Агар инсон фарзанди учун ақиқа қилса, чақалоққа нисбатан яхшиликни юзага чиқарган бўлади. Чақалоқ туғилганининг еттинчи куни унинг номидан ақиқа қилинади, сочи олинади ва исм қўйилади. Сочи олинганидан кейин сочнинг вазни миқдорида камбағалларга садақа қилинади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Термизий ва Ҳоким ривояти).
Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган курбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир жонлиқ сўйиб ақиқа маросимини ўтказишлик жорий этилди. Кўп ҳолларда ақиқани чақалоқ туғилган куннинг 7 ёки 14, ёхуд 21 кунлари ўтказиш фазилат ҳисобланади. Бу кунларда ақиқа ўтказилмай қолинса, сўнг бошқа кунларда, қачон бўлса ҳам ақиқа қилса бўлаверади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўмин-мусулмонлар учун ақиқа сўзининг маъносини билиш, у англатган маросимни тўғри тушуниш муҳим ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни фазилатли амалларни қилишга муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими