Аллоҳ таолонинг назаридан қолиш – улкан ҳалокат
8283
23-01-2023, 15:18
233
Ўқиш режими
+
-
Ташқи ва зоҳирий кўринишлар, турли чамбараклар ҳақидаги гаплар билан фаҳрланамиз-у..
Лекин чиркинлар моғор бўлиб ўрнашиб қолган қалбларимизни поклашдан юз бурамиз..
Имом Бутий.
Аллоҳ таоло сизни кўмаксиз қолдиргандан сўнг гуноҳ билан орангизни холи қолдириб қўяди. Сизни нафсингиз билан холи қолдиради. Агар сизни сақласа ва тавфиқ берса, гуноҳ сиз томон йўл топа олмайди. Аллоҳ таолони таниган ориф зотлар ёрдамсиз ташлаб қўйилишни Аллоҳ таоло сизни нафсингизни ташлаб, у билан сизнинг ўртангизни холи қолдириб қўйиши эканига ижмо қилганлар. Тавфиқ эса сизни ўз ҳолингизга ташлаб қўймаслигидир.
Шунинг учун Расулуллоҳ ﷺ Аллоҳ таолодан ўз ҳолимизга ташлаб қўймаслигини сўрашни ўргатганлар:
Йаа ҳаййу йаа қоййууму бироҳматика астағийсу аслиҳ лий шаъний ва лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ ﷺ Фотима розияллоҳу анҳога:
“Васият қилган нарсамни эшитишдан сени нима тўсади? Ҳар тонг ва кечқурун: “Йаа ҳаййу йаа қоййууму бироҳматика астағийсу аслиҳ лий шаъний ва лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн”, деб айт”, дедилар.
(Маъноси: “Эй Ҳай – тирик ва қаййум сифатига эга бўлган Зот, Сендан ёрдам сўрайман. Шаънимни ҳар бир нарсада ислоҳ эт ва кўз юмиб очгунчалик муддат ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўйма”) (Ибн Сунний ривояти).
Ушбу дуони ҳар куни тонгда ва кечда ўқиб юриш тавсия этилади. Чунки Аллоҳ таоло бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйса, албатта, гуноҳга қўл уришимиз, хато қилишимиз муқаррардир.[1]
Амалларимизнинг энг афзали ҳозирдаги вақтларимизни қадрига етиб уни асрашимиздир.
Ҳозирдаги вақтларимиз умримиз ҳисобланади. Инсон ким бўлишидан қатъий назар у эга бўлган сармоянинг энг қадрлиси унинг умридир. Ҳар қандай сармояни ўрнига ўрин алмаштирса бўлади. Аммо умрни алмаштириб бўлмайди. Бу сармоя бир марта келади. Банданинг энг афзал иши вақтини муҳофаза этишидир. Яъни умримизни беҳуда нарсалардан сақлашимиз, Аллоҳ таоло биздан талаб қилган ишда камчиликга йўл қўймаслигимиздир. Ҳатто бизга йўналтирилган Аллоҳ азза ва жалланинг тавсия кўринишидаги буйруқларини ҳам зое қилиб қўймаслигимиздир.
Биз учун ўтаётган ҳар-бир лаҳза ўзида буйруқни жамлаган вақт ҳисобланади. Ҳар вақтни (бажарилиши керак бўлган) буйруғи бор.
Роббимиз азза ва жалла айтади:
"Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб овоз чиқариб, гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма". (Аъроф, 205)
Демак, биздан бирор лаҳза Аллоҳ субханаҳу ва таолога ғофил (беэътибор) бўлмаслигимиз талаб қилинади. Бас аҳлимиз, фарзандларимиз ёки ўзимиз билан биргаликда Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабини уйғотадиган ёки бизни Аллоҳдан узоқлаштириб машғул қиладиган нарсалар билан вақтимизни зое қилмаслигимиз лозимдир.
Биз бу ҳолатда зикр ва илм мажлисларида ўтириш билан ҳамда Расулуллоҳ ﷺга айтиладиган йиғинларда иштирок этишимиз билан ўзимизни тарбиялаб қалбимизни боғу бўстонга айлантиришимиз жоиздир. Шунда қалбимиз Аллоҳни зикри билан жонланиб ҳаракатга келади. Агар қалб Аллоҳнинг зикри вақтида унинг зикри билан жонланса қаерда бўлишимиздан қатъий назар биз Аллоҳ субханаҳу ва таолони зикр қилувчи зокирлардан бўламиз инша Аллоҳ.
Нилуфар Аҳатовна“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти [1] “Нафс тарбияси” Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳлар ҳаётидан тарбиявий қиссалар “
MUNIR nashriyoti” Тошкент - 2021