1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОН АҲЛИ ФАЗИЛАТИ

23-01-2023, 15:35 520 Ўқиш режими + -
Барча инсонларни яратиб, улар орасидан Ўзининг покиза каломини бандаларига етказиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб, ул зотнинг покиза қалбларига жойлаштирган Оламлар Роббиси ҳар қандай нуқсонлардан покдир. Шу покиза каломини бошқа бандаларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари орқали етказди. Чунки бошқа қалблар уни тўғридан-тўғри қабул қилолмасди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза тиллари орқали янграган  Қуръон тиловати бошқа бандаларнинг қалбларига бирин-кетин сақланиб бошлади. Албатта бу Каломуллоҳни ҳар қандай қалб ўзида сақлолмайди.  Қуръонни ўз қалбида сақлаб, ҳақларини адо этадиган, Каломуллоҳга меҳр қўйган инсон Қуръон аҳлидан саналади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар ичида Аллоҳнинг аҳллари бор”, деганларида, кишилар: “Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар Қуръон аҳллари – Аллоҳнинг аҳллари, У Зотнинг хос бандаларидир”, деб марҳамат қилдилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳ таолоЎзи хоҳлаган бандаларига ҳикмат яъни пайғамбарлик ёки Қуръон илмини беради. Қайси бандасига мазкур ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръон омонатини етказар эканлар, унинг хизматида камарбаста бўлишга ҳам жиддий аҳамият берганлар, саҳобаларни бу ишга ўзига хос гўзал услублар билан тарғиб қилганлар, қизиқтирганлар. Ул зотнинг қорилар фазилати ҳақида жуда кўп ҳадислари бор.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир”.(Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ўринда шундай деганлар: “Қуръонни кўтарувчилар билан тун эгалари умматим ичида энг шарафлисидирлар”.  (Имом Байҳақий ривояти).
Қуръонни кўтарувчилар – Қуръонни тўлиқ ёдлаб, унга амал қилувчи қорилар. Тун эгалари эса кечаси намоз ўқийдиган, дуо-илтижо қиладиган, зикр-тасбеҳ, истиғфор айтадиган обидлардир.
Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Қорилар жаннат аҳлларининг раҳбарларидир”.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Парвардигор азза ва жалла: “Кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўраганларга берадиганимнинг афзалини бераман”, дейди. Аллоҳ каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан бўлган фазли кабидир!”.( Имом Термизий ривояти).
Бугунги кунда Юртбошимизнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони Каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади, элимизга нур келади” деган сўзлари ҳам бизларни Қуръон аҳлларидан бўлиш учун ҳаракат қилишга ундайди.
 Аллоҳ таоло дунё ҳаётини бандалари учун синов муддати қилиб қўйибди. Бу совуқ кунлар ҳам биз сабр қилиб турсак Аллоҳ хоҳласа бир кун ортда қолади. Энг муҳими шу кунларда ҳам биз кўпроқ Қуръон ўқиб, халқимиз, юртимиз ҳаққига дуода бўлиб турсак айни муддао бўлади. Аллоҳ таоло бу совуқ, синовли кунларидан юртимиз тинч, халқимиз саломат ҳолда ўтиб олишини насиб қилсин!
 
Муродуллахон Нуриддинов
Қамаши тумани Қоратепа жоме масжиди имом-хатиби