1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аллоҳ ёмон кўрган амалдан сақланинг!

26-01-2023, 08:38 249 Ўқиш режими + -
Aллоҳ таоло ўзининг яратган мавжудотлари ичида инсони азизу-мукаррам қилиб яратди. Бизни барча мавжудотдан фарқимиз, онгу-шууримиз билан ҳаёт кечиришимиз ва ўйлаган фикримиз, тасаввуримизни  етказиб беришда нутқ қила олишимиз энг катта неъматдир. Шу нутқ неъмати шарофати билан биз оилали бўламиз, никоҳ ақдини амалга оширишда эркак ва аёл бир-бирига ФҲДЁ бўлимида қонуний қайд этилиб, ҳам қонуний, ҳам шаръий никоҳ орқали никоҳланаётганлигини сўз билан қабул қилади.
Шу кундан бошлаб шариат нуқтаи назарида муқаддас никоҳнинг риштаси боғланади ва жамиятнинг энг асосий поғонаси бўлмиш  оила дунёга келади.
Ҳар бир янги оила қураётган ёшлар шуни ёддан чиқармаслик керакки ,инсон оила қурар экан ҳаётида муқаддас бўлган даргоҳ бўлмиш оилага никоҳ шарофати билан мушарраф бўлади.
Никоҳ бу-оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғлаб тургувчи маънавий ришта ҳисобланади. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас, энг азиз, энг муборак, диний ва дунёвий узилмас битими бўлиб, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, наслнинг давомийлигини таъминлаш, иффатни сақлашдан иборат бир гўзал ибодат саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Раъд сурасида “..ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз”дея марҳамат қилган. Шарҳ: Пайғамбаримизга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло, оилали бўлиш, уйланиш барча пайғамбарларнинг суннатлари эканлигини баён этмоқда. Маълумки,  пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли ,танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана шундай олиймақом зотларнинг ҳаммалари ҳам оилали бўлишганлари бежиз эмас. Бу эса барча инсонлар оилали бўлиб, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Демак,бу оятда ҳам никоҳга тарғиб қилинмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) муборак ҳадисларида “ Никоҳ   менинг  суннатимдир. Кимки  ундан   юз  ўгирса  у   мендан эмас (яъни ислом аҳлидан эмас)” деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўйлик сепмоқ, мисвок ишлатмоқ ва никоҳ”деганлар.
Аммо баъзи бир янги оила қурган ёшлар ўртасида шу муқаддас никоҳдаги ақду-паймонга риоя этмаслик оилалар ажримига сабаб  бўлаётгани ҳозирги кунда учраётганлиги ачинарли ҳолатдир. Ёш оилаларнинг бу ажримларига арзимаган баҳоналар сабаб бўлаётгани бундан-да ачинарлидир.
Хусусан, ҳиссиётларга эрк берган ёшларимиз оқибатини ўйламай, фарзандлари ҳаётига эътибор қилмасдан беписандлик муносабатида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло  Нисо сурасининг 19-оятида  “Улар билан тинч-тотув яшанглар”дея марҳамат қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳадиси шарифларида “Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар ичида энг ёмон кўргани талоқ сўзидир”, деб айтишлари барча мўмин-мусулмонларни бу сўзни айтишдан сақланишга чорлайди.
Ҳаётда муаммо ва ташвишлар кўп, лекин, барча муаммо ва ташвишларни ечимини инсон ақли билан топа олади. Бунинг учун эса  икки томоннинг мақсади оилани жамлаш ва асраш бўлса бу иш осон кечади.
Шуни яхши тушуниб билайликки, талоқ сўзи оилани бузиш, фарзандларнинг тирик етим қилиш учун эмас. Оилани талоқ сўзи билан қўрқитиб тарбия қилинмайди. Балки, динимизда оилани икки томон муҳаббати билан мустаҳкамлашга буюрилган.
Ислом дини ҳеч бир оилани бузилишини хоҳламайди. Агар оилада келишмовчилик пайдо бўлса дарҳол талоқ ижро қилиниб, оилани бузилиб кетишини тарфдори эмас.Талоқ қўйишгача ҳам бир неча чора-тадбирлар қилишни баён қилган.  Талоқ қўйиш ҳуқуқини эркакларга берилиши ҳам исломнинг оилани ҳимоя қилиш учун кўриб қўйган чора-тадбирларидандир. Чунки эркаклар табиатан аёллардан кўра кўпроқ сабрлик, матонатлик, ақллик ва мулоҳазалик бўладилар. Бу эса оиланинг тинчлиги,фаровонлиги ва энг асосийси оиланинг бузилиб кетмаслигини таъминлайди.  Эркаклар оиланинг моддий эҳтиёжларини ўз зиммаларига олган оила бошлиғи сифатида ўзлари қурган оилани бузилиб кетмасликлари учун аёллардан кўра кўпроқ жонбозлик кўрсатмоқларилозим.
Оила бузиладиган бўлса,табиий равишда ота-онасидан ажраб қолаётган тирик етимлар сони кўпаяди, ота-она меҳридек улуғ неъматга тўймаган норасидалар кўпаяди,ота-онасидан тарбия олмаган “бетарбиялар” сони кўпайиб, келажакда   уларнинг на дину-диёнатига, на халқига фойдаси бўлмаган “безорилар” сафи кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси бутун инсоният учун катта фожиа бўлганлиги учун ҳам ислом дини оилаларнинг бузилишига қаршидир.
Буни эса ҳар бир оила қурган ёшлар тушуниши лозим. Зеро, улар Аллоҳ ёмон кўрган амални қилиб қўйиб, кейин афсус-надомат қилиб юрмасинлар.
Шу ўринда доимо айтадиган бир дуойимизни ёдга олайлик. Янги оила қурган ёшлар бахтли, фарзандлари ризқ-насибали, ҳаётимизни саодатли бўлишини тилаймиз.
 
Шуҳрат Муродов,
Миришкор туман бош имом хатиби.