Халқимиз ўзининг меҳмондўстлиги билан бутун дунёга машҳур. Меҳмондўстлик халқимизнинг табиатида, характерида бор бўлган одат ва анъаналаридандир. Ўзбек халқининг меҳмондўстлик каби одат-анъаналарига бутун дунёда зўр қизиқиш ва ҳурмат билан қараб келинади.
Ривоят қилишларича, Иброҳим ( а.с.)никига меҳмон келади. Иброҳим (а.с.) меҳмон ҳурмати учун олдин қўй сўядилар. Аллоҳ таоло у кишига “ Меҳмонни ҳурмат қил”, деган ваҳий юборади. Иброҳим (а.с.) бирин –кетин сигир ва туя сўядилар, аммо у кишига юқоридаги ваҳий такрорланаверади. Иброҳим (а.с.) Аллоҳ таолодан: “ Нима қилсам, меҳмонни ҳурмат қилган бўламан”, деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло: “ Эй Иброҳим, меҳмонни ҳурмати унга таомни кўпайтириб қўйиш билан эмас, меҳмонга яхши такаллуф билан ўзинг хизмат қилишингдадир”, дейди. Шундан сўнг Иброҳим( а.с.) меҳмонларига доимо ўзлари хизмат кўрсатган эканлар.
Меҳмондорчилик ҳақида ҳадисда: “ Меҳмонини эъзозламаган қавм ёвуз қавмдир”, дейилади. ( Бухорий ривояти).
Меҳмондорчиликда меҳмон ва мезмон одобларига амал қилинади.
Мезмон одоблари қуйидагича:
-меҳмон кутадиган киши пок ва озода бўлиши;
- меҳмон кутадиган одам тоза ва озода либосларини кийиши;
-меҳмон кутадиган жойлари саранжом-саришта бўлмоғи;
Ўзбек халқининг қадимий асарларидан бўлган Юсуф Хос Ҳожибнинг “ Қутадғу билиг” асарида меҳмондорчилик хусусида қуйидаги одобларни баён қилинади:
Агар сен чорласанг уйингга меҳмон,
Олдин тараддуд қил, эй доно инсон,
Пок бўлсин ошу нон, уй-жой, тўн. Тўшак,
Берган тузинг манзур бўлмоғи керак.
- меҳмонларни очиқ юз билан кутиб олиши;
-меҳмонларга яхши жойни кўрсатиши;
- меҳмонлардан ҳол-аҳвол сўрашиши;
-меҳмонларга ширин суханлик билан муомила қилиши;
-меҳмонларга таом олиб келишни пайсалга солмай, таомни тезроқ олиб келиши;
-меҳмонлар билан бирга таомдан танаввул қилиши;
-меҳмонга келган кишиларга ножўя гап ёки қилиқлар қилиб уларни кўнглини қолдирмаслиги;
-меҳмонлар олдида фарзандларини ёки бошқа кишиларни уришмаслиги;
-Меҳмонлар олдида мушук каби ҳайвонларга қўполлик билан муомила қилмаслиги;
-меҳмонга келувчи кишидан айрим хато ва қусур ўтса. уларни кечириб туриши;
-меҳмонга келган кишиларнинг олдида ўзини камтар тутиши;
-меҳмонга келган кишиларни зериктирмай уларга яхши суҳбатлар бериши;
-меҳмонга келишгани учун ташаккур айтиши;
-меҳмонга келган кишиларга яхши ниятлар билдириш;
-яна меҳмонга келишларини ва уйларига яхши етиб олишларини айтиб меҳмонни кузатиб қўйиши лозим бўлади.
Дарҳақиқат, инсонларнинг ҳаётдаги завқларидан бири бир-бирлариникига боришлари, ҳол-аҳвол сўрашлари, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашлари билан бўлади. Бу хислатлар эса халқимизнинг меҳмондорчилик одатида мужассамдир. Халқимиз меҳмондўст бўлиб, у меҳмон келиши билан хурсанд бўлади, аммо меҳмон кетса, хафа бўлади.
Шоир ёзади:
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нур-у зиё,
Уй-фонус, меҳмон шам-у, мен эса парвона.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо.
Кетса, меҳмон, мен мисоли мажнуни девона.
Меҳмондорчилик халқимизнинг ажралмас олий фазилатидир. Меҳмондорчилик орқали халқимиз орасида дўстлик, меҳри-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Меҳмондорчилик халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатда, тинч-осойишта яшаш йўлида хизмат қилади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими