Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки, ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш исроф саналади ва у Ислом динининг мўътадилликка асосланган таълимотига зид келади. Исроф деб, шариат тилида бирор иш ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, кўнгилдаги хоҳиш истакларни амалга оширишда мўътадиллик чегарасидан чиқишга айтилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофгарларни суймаслигини ва улар шайтоннинг биродарлари эканлигини баён қилган. Жумладан, “...У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар: “Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.
Сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.
Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади.
Хулоса ўрнида, Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан Ўз паноҳида асрасин.
Музаффар Қосимов,“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртимаънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари