Янги келинчак Салтанатхоннинг тилла занжири йўқолди. Уйдагиларнинг дили вайрон, ҳамма хижолатда. Ойсанам холанинг маслаҳати билан фолбинга боришди. Оқ-сариқдан келган, мовий кўзли фолбин аёл келгучиларни “Чиллахонаси”га олиб кирди. Чоғроққина “Чиллахона” ўртасига супра ёйилган, устида исириқ, пиёлада ёғ, ун, пахта ва яна алламбало нарсалар бор эди. Кўрпачалар устига оқ сурп тўшалган, хуллас, хонада ҳамма нарса: дераза, эшик пардалари ҳам оппоқ.
-Ҳа айланайлар, нима хизмат бор эди? -кетма-кет эснаб, мижозларига зимдан назар ташлаган фолбин аёл савол берди.
-Йўқдан кўринг, деб келдик, синглим, кўринганини айтасиз-да, -дея нимчасининг чўнтагидан ўн минг сўмни чиқариб, ўтирган кўрпачаси қатига қўяётган Ойсанам хола умидвор кўз тикди фолбинга. Фолбиннинг энсаси қотиб, норози оҳангда деди:
-Нарзини яхшироқ ташланг, ичингиз ачишиб ачишиб берсангиз, йўқотганингиз топилади, опа.
-Қанийди, қанийди. Бир неча кундан бери емоқ-ичмоғимизда ҳаловат қолмади. Майли рози бўлинг, -дея яна иккита беш мингталик ташлаганча ёлворди хола.
Фолбин деворга тираб қўйилган, ўртаси доирасимон қонланган чилдирмасининг шиқилдоқ ҳалқаларини силкитиб, совуқда тобташлагани учун пўкиллатиб чалишга, хунук овоз чиқариб, “пари момолар”ини чорлашга тушди.
-Вой ана, ялтираб кўринаяпти, узук десамми, билакузук десамми... Ҳоҳ-ҳай-ей. Ана-ана уйларингга кун-кунора кириб турадиган новчагина, ориқдан келган аёл олиб кетган экан. Бошида яшил дуррачаси, эгнида шунга мос халати бор.
Ойсанам холанинг ҳам, келинчакнинг ҳам хаёлларига икки-уч дарвоза нарида турадиган Нозигул қўшни келди.
-Ҳмм, одамни билиб бўлмаскан-да. Вой тавбаей, ҳеч нима бўлмагандай уйимизга келиб кетувди-я...
Ҳуллас, жон риштасидек қадрдон бўлиб кетган қўшнилар ўртасида совуқчилик тушди. Ойсанам хола-ку, сир бой бермай, мулоҳаза қилиб юрувди, аммо келинчак тушмагур Нозигул янгани ўғрига чиқариб, юрагини минг пора қилди. Ўртада қанча дилхиралик, қарғиш-у маломатларни айтмайсизми? Билган у деди, билмагани бу.
Кунлардан бир куни кийим жавонида келинчакнинг қўлида бир нима илинди. Йўқотган тилла занжири кўйлагининг ёкасига ичкари томондан илиниб қолган экан. Юзлари ҳам қувончдан, ҳам хижолатдан ловуллаб кетди.
Зеро, Қуръони каримнинг “Фалақ” сурасида (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг парвардигорига яратган нарсалари ёвузлидиган, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” дейилган. Дарвоқе, самовотдан ерга хабар келтирувчи фаришталарнинг битта хабарини ўғирлаб, сеҳр-жоду қилувчи фолбинларнинг қулоғига қўядиган жинларнинг қутқуси зулматдир. Фолбинлар эса ўзидан юзта ёлғонни қўшиб чатиб, одамлар қалбига ғулғула соладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак у Муҳаммад (с.а.в)га келган нарсаларга ишонмаяпти”, дедилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га келган нарса-Қуръон эканлигини англаймиз.
“Сеҳр” арабча сўз бўлиб, келиб чиқиши “махфий нарса, бирор нарсани аслидан бош-қанча кўрсатиш” маъноларини билдиради.
Расулуллоҳ (с.а.в) “Етти хил ҳалокатли нарсадан сақланинглар, дедилар. Тингловчилар:
“Улар нима, эй Аллоҳнинг расули?”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, сеҳр жоду қилиш (яъни иссиқ-совуқ билан шуғулланиш), ноҳақ бирор бир одамни ўлдириш, етимнинг ҳаққини ейиш, судхўрлик қилиш, душманга орқасини ўгириш, бегуноҳ муслима аёлларни (зинода) айблаш” деганларни эсласак бас.
Шу боис муқаддас Ислом динимизнинг софлигини таъминлаш, Аллоҳдан ваҳий орқали Пайғамбаримиз (с.а.в)га келган Қуръони карим сура ва оятларидаги далиллара ишонадиган, муҳрланган қалбларни очадиган вақт келмадими?
Агар иймон мусаффо, эътиқод Парвардигорга бўлса,
ҳар қандай ирим-сиримларга ишонмаймиз.
Марям МАМАЮСУПОВА
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Косон туман Бош отинойиси