1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди

1-02-2023, 10:53 309 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди. 
“Исроф” сўзи асли арабча сўз бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади. Аслида ҳар бир жамиятни тараққиёт кафолати тежамкорликдир.
Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.
Нақл қилинишича Ҳорун ар-Рашиднинг ҳозиқ бир табиби бор экан. У бир куни олимлардан Алий ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Сизнинг Китобингизда (яъни Қуръони каримда) тиб илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илмнинг ўзи икки хил: дин илми ва бадан (тиб) илми бўлади”, дебди. Шунда Алий ибн Ҳусайн ибн Воқид унга шундай жавоб қайтарган экан: “Аллоҳ таоло тиб илмининг борини ушбу оятнинг “енглар, ичинглар, (аммо) исроф қилманглар” деган жумлаларига жойлаб қўйган”.
Қуръони каримда қариндошга, мискинга яхшилик қилиш ва йўловчини ҳақларини адо этиш ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўймаслик лозимлигини қаттиқ таъкидланади ва исрофгарлар шайтонларнинг биродарлари эканлиги айтиб ўтилган.
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган. Тежамкорлик тўғрисида эса, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида шундай марҳамат қилинади: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб таъкидланади. Ибн Аббос айтганлар: “Кимики бир дирҳамни беҳуда сарфласа, исроф қилган бўлади”.
Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло Ўз каломида мадҳ этган ва уларни ҳақиқий мўъминлар деб атаган.
Аллоҳнинг нозу неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик ила ҳаёт кечирайлик. Айниқса, ризқу рўзимизнинг асосий рамзи бўлмиш нон ва сувни қадрига етайлик ва эъзозлайлик. Шундагина Ҳақ таоло ўз неъматларини янада зиёда қилажак, иншоаллоҳ. Исроф  деганда  фақат  маблағ,  бойлик  ёки  мулкни совуриш  тушунилмайди.  Қимматли  вақтни  беҳуда  кетказиш,  фойдали  ишларга сарфламаслик  ҳам  исрофдир.   Куч-қувват  ва  салоҳиятни  эл-юртга  ёки  ўзига фойда  келтирмайдиган  нарсаларга  йўллаш  ҳам  исрофдир.  
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ниҳоятда бир ибратли гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. 
 
Луқмонхон Олимов
Китоб тумани бош имом хатиби