1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ ДИНИ МАЪРИФАТПАРВАР ДИНДИР

1-02-2023, 13:58 376 Ўқиш режими + -
Ислом дини таълимотларида илм-маърифатга юксак эътибор қаратилгани барчамизга маълум ҳақиқатдир. Қуръони каримда “илм” сўзи турли кўринишларда 95 марта, “илм берилганлар”, “илмда мустаҳкам бўлганлар” сўзлари 10 марта зикр қилинган. Бу ҳолат инсон ҳаётида билимнинг нақадар аҳамиятли эканини, Ислом илму маърифат дини эканини исботлайди. Инсон илмга интилишига мукофот ўлароқ аввало ўзлигини англайди. Ким ўзини таниса, Парвардигорини ҳам танийди. Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифат манбаи, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса – инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлар).
Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам ва чиройли бўлиши учун ихлос, илм ва амал бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари: “Илоҳиётда аввал ихлос кейин илм туради”, – дейдилар. Илм аҳли бўлиш – юксак шарафдир. Чунки Аллоҳ таоло илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаради. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят). 
Ҳадиси шарифларда бирор илм соҳасига урғу берилган бўлса, алоҳида ажратиб кўрсатилган. Масалан, диний билимлар соҳиби бўлишнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари). 
Қадимда ота-боболаримиз илмни бир бутун деб билганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам, устоз бўлганлар.
Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлашимиз – барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоя ҳисобланади. Бунинг учун болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига эътибор беришимиз лозим. 
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, илм эгалари мадҳ этилган. Жумладан бир ҳадисларида: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш керакки, ҳақиқий билим тартиб билан тизимли ўқиш орқали қўлга киритилади. Ҳамма соҳада ҳам фақат видео ва аудио маҳсулотларга боғланиб қолиш, фақат ўшалардан билим ҳосил қилишни мақсад қилиш кутилган натижани бермайди. Кўпинча видео ва аудио маҳсулотлар узуқ-юлуқ, ҳар хил муносабатлар билан гапирилган сўзлар бўлади. Гоҳида далил-исботсиз сўзлар ва тасвирлар ҳам ўтиб кетаверади. Шунинг учун фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилишимиз керак.
Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – мўминнинг икки дунёсини ёритувчи нур. Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда, бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. 
ХУЛОСА ўрнида, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизни ва албатта халқимиз учун манфаатли инсон бўлишни муяссар қилсин.
 
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари